Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Фото: Trend

Қарор билан Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга асосан эндиликда:

Ҳар йили декабрь январь ойларида хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг йил давомида томорқа ер участкасида маҳсулот етиштириш, иссиқхона барпо этиш, чорва моллари ва парранда боқишга бўлган хоҳиши ўрганиб чиқилади;

Ўрганиш натижалари бўйича ҳар йили 15 февралгача томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган экин турлари, иссиқхоналар барпо этиш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда чорва моллари, паррандалар сотиб олиш прогноз кўрсаткичлари тўғрисида туман ҳокими қарори қабул қилинади ва бу қарор деҳқон хўжаликлари бошлиқлари ва томорқа ер эгаларига етказиб берилади;

Туман ҳокими қарори асосида махсус ишчи гуруҳ томонидан прогноз кўрсаткичларнинг бажарилиши мониторинг қилиб борилади;

Мониторинг натижасида юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгаларига ер солиғи ставкасини пасайтирувчи коэффициентини қўллаш бўйича таклиф киритилади.

Шу билан бирга, экин турлари ҳамда мевали ва манзарали дарахтлар экилмаганлиги, чорва моллари сотиб олинмаганлиги, иссиқхона барпо этилмаганлиги аниқланса, томорқа ер эгасига жорий йил учун ҳисобланган ер солиғининг уч баробари миқдорини қўллашни сўраб туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритилади.

Деҳқон хўжалигига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.