Бугун — 17 март куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури старт олади. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бунгача дастлабки икки турни сафарда ўтказганди. Энди эса Наманганда мавсумдаги дастлабки расмий ўйинини мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Локомотив»га қарши олиб боради.
Мазкур учрашувни бевосита стадиондан томоша қилиш учун МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Наманганда бўлиб турибди. У 17 март тонгидан бошлаб, вилоятдаги спорт объектларини текшириб чиқди ва уларнинг ҳолати билан танишди.
ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, Намангандаги футбол стадиони янги мавсум учун тайёр. Стадионга кириш учун замонавий турникетлар ўрнатилган. Футболчиларнинг ечиниш ва кийиниш хоналари, мухлислар секторлари яхши ҳолатга келтирилган, дейилади хабарда.
«Локомотив»га қарши ўйин учун чипталар 30 минг сўмдан сотилган бўлса-да, ўйингача кассаларда бирорта ҳам чипта қолмаган. 20:00 да старт оладиган футбол учрашуви учун мухлислар 16:00 даноқ стадионга келишни бошлаган.
«Навбаҳор» илк турни Бекободда «Металлург»га қарши 0:0 ҳисоби билан якунлаган бўлса, 2-турда АГМК майдонидан ғалаба билан қайтганди — 2:1.
Бир йил муқаддам «Навбаҳор» ўз майдонида мағлуб бўлмаган ягона жамоага айланганди.
Изоҳ (0)