Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарор шарҳи Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Вазирлик шарҳида қайд этилишича, Президентнинг ушбу қарори вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига етиб боришда хавфсизликни таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш ва йўл-транспорт халокатларининг олдини олишга қаратилган.
Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқаётган фуқароларга темирйўл ва авиачипталар нархларига чегирмалар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда:- биринчидан, «Ўзбекистон темир йўллари» ва Ўзбекистон ҳаво йўллари» 2018 йил 1 апрелдан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқаётган фуқароларга пласкарт ва умумий вагонларга темирйўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади;
- иккинчидан, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган ҳар бир фуқарога темирйўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов бир йилда бир марта амалга оширилади.
Шу билан биргаликда, темирйўл ва авиачипталарни имтиёзли тарифларда харид қилишнинг асосий шарти — вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқаётган фуқароларни имтиёзли тарифларда чипта тақдим этишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги электрон маълумотлар базасига рўйхатга олиш ҳисобланади.
Изоҳ (0)