Тошкентга 8 февраль куни Беларусдан «Лотос» русумли катта ва ўрта сиғимдаги иккита тажриба автобуси келтирилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этишларича, ҳар иккала автобус табиий газда ҳаракатланади. Паст полли бу автобуслар ногиронлик аравачалари ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган махсус ускуналар билан таъминланган.
«Автобуслар ‘Тошшаҳартрансхизмат’ таркибига кирувчи автосаройларда синовдан ўтказилади», — дейилади компания хабарида.
Маълумот учун, Тошкентга олиб келинган «Лотос» автобусларидан катта сиғимлиси МАЗ-203 автобуси негизида, ўрта сиғимлиси эса МАЗ-206 автобуси базасида «РариТЕК» компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
«Авторевю» нашри маълумотига кўра, бу автобуслар МАЗ лицензияси асосида Россиянинг Набережние Челни шаҳрида қайта жиҳозланади. Унга Хитойнинг метан газида ишловчи Yuchai мотори ўрнатилган ва Евро-5 нормаларига жавоб беради.
Россия нашрларида 2017 йил октябрида эълон қилинган хабарларда яқин вақт ичида «Лотос» автобуслари Москва вилояти шаҳарларида синовдан ўтказилиши таъкидланган эди.
Изоҳ (0)