10 февраль, шанба куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги армия лагерига жангарилар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида камида бир нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди ва яна етти киши жароҳат олди. Улар орасида ҳарбийлар оиласининг аъзоси бўлган икки нафар аёл ва икки нафар болакай бор. Бу ҳақда India Today нашрига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Жаиш-э-Муҳаммад» ташкилотининг қуролланган жангарилар гуруҳи Сунжаван ҳудудида жойлашган лагерга кечаси ҳужум қилиб, ҳарбийларга қарата ўт очган ва гранаталарни отган.
Айни вақтда ҳарбийлар террорчиларни қидириш билан шуғулланмоқда. Бу жангариларнинг 2018 йилда Жамму ва Кашмир штатида амалга оширган биринчи жиддий ҳужуми ҳисобланади.
«Жаиш-э-Муҳаммад» («Муҳаммад лашкари») террорчилик ташкилоти Кашмирда, асосан Покистон тасарруфида бўлган ҳудудда жойлашган. Маҳаллий ОАВларнинг маълумотларига кўра, мазкур ташкилот «Ал-Қоида» билан мустаҳкам алоқа ўрнатган.
Изоҳ (0)