Диний экстремистик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, деган айблов билан уч йилга қамалган Умид Абдуллаевга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилиб, у 4 ою 22 кунда қамоқдан чиқарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Гарчи У. Абдуллаев ўзига қўйилган айбларни қисман тан олган бўлса-да, суд томонидан Жиноят кодексидаги оғир жазо белгилангани, енгиллаштирувчи жиҳатлар ҳисобга олинмагани сабабли ҳукмга норозилик билдирди.
Прокуратуранинг суд ҳукмини ўзгартириш бўйича киритган эътирози ва У. Абдуллаевнинг адвокати томонидан апелляция тартибида ёзилган шикоят асосида иш қайта кўриб чиқилди. Ишни қайта кўриб чиқишни сўраб, у яшайдиган маҳалла, тумандаги жамоат ташкилотлари ҳам судга илтимоснома билан мурожаат қилди.
Жиноят ишлари бўйича Пахтакор тумани суди биносида ўтказилган вилоят апелляция инстанцияси ҳайъати очиқ суд мажлисида жиноят тафсилоти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Суд муҳокамасида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди томонидан У. Абдуллаевга қонуний жазо берилгани эътироф этилди.
Бироқ суд У. Абдуллаевга нисбатан жазо қўллашда Жиноят кодексининг 8-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этишда айбдор ҳисобланган шахсга нисбатан қўлланилган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллиги, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши лозимлиги ҳақидаги талабларга риоя қилмаган. Шунинг учун апелляция инстанцияси ҳайъати прокуратура томонидан эътирозни, айбланувчининг адвокати фикрларини муҳокама қилиб, уни қаноатлантиришга қарор қилди.
«Шу ўринда бундай жиноятлар бўйича ҳар қандай норозилик яқин вақтларгача ҳисобга олинмаганини ҳам қайд этиш лозим», — дейилади хабада.
Вилоят апелляция инстанцияси судлов ҳайъати мазкур жиноят ишидаги енгиллаштирувчи жиҳатларни, маҳалладан берилган ижобий тавсифномани, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, «Нуроний» жамғармаси туман бўлимининг илтимосномаларини инобатга олиб, У. Абдуллаевга чиқарилган ҳукмни ўзгартирди. Унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
У. Абдуллаев 2017 йил 2 сентябрдан 2018 йилнинг 23 январи, яъни апелляция судига қадар 142 кун — 4 ой 22 кун қамоқда ўтирди. Суд унинг қамоқда ўтирган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишларининг уч кунига тенглаштириб, жазонинг 1 йилу 2 ой 6 куни ўталган, деб ҳисоблади. Қолган 1 йилу 9 ой 24 кун ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилиб, у суд залидан озод қилинди.
Аввало, Президентимизга мен каби адашган фуқароларни кечириб, хатоларини тузатишга имкон яратиб бергани учун чин юракдан раҳмат айтаман. Менга ишонч билдириб, жазони енгиллаштиришни сўраб судга мурожаат қилган ота-онам, маҳалла, жамоат ташкилотларининг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Ватанимга содиқлигимни ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан исботлайман.Умид Абдуллаев
Изоҳ (0)