Наманган шаҳридаги Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика инспектори ҳисоботи тингланди. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Темурмалик Воҳидов маълум қилди. 

Зоҳид Йўлдошев.
Фото: Темурмалик Воҳидов

Ҳисоботда ўтган йил якуни бўйича маҳаллада 2 та жиноят содир этилгани, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан биттага камайган бўлса ҳам, 2,3 минг аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд учун салмоқли эканлиги таъкидланди.

Ундан кейинги муҳокамада яқинда жазо муддатини ўтаб қайтган Зоҳид Йўлдошев ҳам иштирок этди.

«Жазо муддатини ўтаб, ўтган йил октябрида озодликка чиқдим. 23 йил мобайнида нима иш ўтган бўлса, ортда қолиб кетди. Яқинда Президентнинг 4,5 соатли мурожаатини эринмай охиригача эшитдим. Юртбоши халқ ғамида ҳаракат қиляпти, олиб борилаётган сиёсат, қилинаётган иш халққа маъқул бўляпти. Менга ўхшаб адашганлар кўзини очадиган пайт келди.

Новвойхона очдим, ҳозир шуни юргизиб турибман. Келгусида кондитер цехи ташкил этмоқчиман. Ҳокимликдан келишди, бўш майдонларни таклиф қилишди. Мақсад — эл корига ярайдиган инсонлар қаторида бўлиш», — дейди Зоҳид Йўлдошев. 

Зоҳид Йўлдошев бир пайтлар ўзини «Ўзбекистон ислом ҳаракати етакчиси» деб эълон қилган Тоҳир Йўлдошевнинг акаси. ОАВ Тоҳир Йўлдошев 2009 йили Покистонда, АҚШ учувчисиз учиш қурилмаси берган зарба оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилганди.