Амур йўлбарси, тоғ бўриси, Африка шери, Австралия туяқуши, архар, қўнғир айиқ ва Морхўрнинг боласини кўрмоқчи бўлганлар Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси – Термизга ташриф буюришининг ўзи кифоя, деб хабар берди ЎзА.
Термиз ҳайвонот боғида дунёнинг турли ҳудудларида учрайдиган Амур йўлбарси, Осиё шери, Бухоро буғуси, Қор барси каби 133 турдаги 421 ҳайвон, парранда-ю дарранда парвариш қилинмоқда. Ҳайвонот боғида «Қизил китоб»га киритилган Ҳиндистон буқаси, денгиз тошбақаси сингари жониворлар 30—40 йилдан буён одамларга ўзгача завқ-шавқ улашиб келмоқда.
Сурхондарё турли ҳайвонларнинг маҳаллий шароитга тез мослашиши ва кўпайиши учун қулай иқлимга эга. Жорий йилда бу ерда Амур йўлбарси ва тоғ бўриси — уч, Африка шери, Австралия туяқуши ва архар — икки, қўнғир айиқ ва Морхўр (бурама шохли кийик) — бир бошга кўпайгани, айниқса, боғимизни мириқиб томоша қилиш истагида келаётган болажонларда катта қизиқиш уйғотаётир. Уларни қиш мавсумида ҳам бу ерга чорлаб қоламиз.М.Бехконов, Термиз ҳайвонот боғи ветеринар врачи
Изоҳ (0)