Ассалому алайкум, азиз ўқувчилар.

Бошидан огоҳлантираман, қуйидаги 493 та сўз осон ўқиладиган матн бўлмайди. Бугун биз кўринишидан оддий бўлган, аммо чуқур фалсафий ва ҳаётий нарсалар ҳақида гапирамиз. Шундай экан, фикр юритишга тайёр турамиз.

Фото: Бахтиёр Насимов

Мақолани ёзишга тайёрланаётганимда ҳуқуқбузарликларни кимлар содир этиши ҳақидаги кўплаб фикрларни ўқиб чиқдим. Бу борада икки хил фикр бор.

Оптимистик фикр шундан иборатки, кўпчилик одамлар ички маслагининг кучи билан қонунни бузиш йўлига кирмайди. Улар шундай тарбияланган. Оптимистлар фикрича, фақат баъзи онгсиз фуқаролар жазодан қўрқиши туфайли жиноят қилмайди.

Пессимистик қараш ҳам бор. Унга кўра, одамларнинг 20 фоизигина (баъзилар эса ҳатто 10 фоиз деб ҳисоблайди) табиатан қонунга риоя қилишга мойил.

Қолган 80—90% жиноий жазодан чўчигани сабабли қонунни бузмайди.

Шу ерда 35 йил аввал жамиятшунослар Жорж Келлинг (George L. Kelling) ва Жеймс Уилсон (James Q. Wilson)илгари сурган қизиқарли назарияни эсга олиш ўринли. Бу «Синган ойналар назарияси». У анча оддий бўлиб, қуйидагича.

Агар қанақадир иморат ёки уйда деразанинг битта кўзи синганида, унга дарҳол ойна қўйилмаса, бора-бора ойналарнинг ҳаммаси синиб кетади.

Агар кичик ҳуқуқий тартиб ва қонун бузишлар жазосиз қолса, улар қонунга нисбатан ҳурматсизликка ва жиноятчилик ўсишига олиб келади. Айнан шундай. Битта синган ойна бутун даҳада жиноятчиликнинг умумий даражаси ўсишига сабаб бўлган.

Фото: Бахтиёр Насимов

Биз сиз билан кундалик ҳаётда «синган ойналар назарияси»га кўп дуч келамиз.

Масалан, қаергадир ахлат солинган биринчи халта ташланган бўлса, тез орада у ерда ахлат уюми пайдо бўлади.

Номақбул жойга ёпиштирилган эълон ўз вақтида олиб ташланмаса, унинг ёнига ўнлаб бошқалари ёпиштирилади.

Девордаги биринчи ёзув ўз вақтида бўяб ташланмаса, бошқа бир талай ёзувлар пайдо бўлади.

Ж. Келлинг ва Ж. Уилсоннинг назариясини Гронинген университети (Голландия) олимлари томонидан ўтказилган олтита тажриба тасдиқлади. Аниқланишича, энг оддий фуқаролар бошқалар бунинг учун жазосиз қолаётганини кўрса, қабул қилинган қоидаларни бузишни бошлайди. Ва агар майда қоидабузарликларга ўз вақтида ва шафқатсиз тарзда барҳам берилмаса, уларнинг сони ўсаверади ва охир-оқибат оғирроқ жиноятлар амалга оширилишига олиб келади. Мана, Нью-Йорк мэри Рудольф Жулиани 90-йилларда майда қоидабузарликларга («синган ойналар»га) қарши изчиллик билан курашиш йўли билан шаҳарда шахсга қарши жиноятлар сонини 56 фоизга камайтирган эди. Ўзбекистонда ҳам шундай тажрибани ўрганиб олиш керак.

Кўпчилигимиз ҳатто ўзимиз сезмасдан, одамлар ўзларини маданиятли тарзда тутмай қўядиган синган ойналар назарияси намоён бўладиган ҳолатларга дуч келганмиз. Бу ерда бир қарашда безарар бўлиб туюлган писта пўчоғини ерга ташлаш ёки қизил чироқда юриб кетиш каби жиддийроқ ҳолат ҳам бор.

Фото: Бахтиёр Насимов

Мақола бошида айтганимдек, оз бўлса-да, қонунларни ва белгиланган қоидаларни ҳеч қандай вазиятда ҳам бузмайдиган одамлар бор.

Аҳолининг шундай қатлами борки, улар онгли равишда қонунга қарши боради, умид қиламизки, улар жуда камчиликни ташкил қилади.

Бироқ, одатда тоза жойга ахлат ташламайдиган, светофорнинг қизил чироғи ёниб турганда йўлни кесиб ўтмайдиган, бировнинг нарсасини олмайдиган аксарият аҳоли ҳам салбий таъсирга берилиши мумкин.

«Синган ойналар назарияси»да шундай дейилган: қоида ва қонунлар бузилишига дарҳол, шафқатсиз ва муросасиз тарзда барҳам берилмаса, бунгача ҳеч қачон қоида бузмаганлар ҳам буни қилишни бошлайди.

2017 йилнинг ўн ойи давомида Ўзбекистон автомобиль йўлларидаги 8000 та йўл-транспорт ҳодисасининг аксарияти ҳайдовчи ва пиёдаларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилмаганлиги сабабли юз берган.

Фото: Бахтиёр Насимов

Қаердадир ҳайдовчи ёки пиёда светофорнинг қизил чироғида юриб кетган, тезликни оширишган, йўл беришмаган, бурилиш чироғини ёқишмаган.

Ҳеч ким ҳеч кимга ёмонлик тиламаган. Шунчаки одат бўйича оз-оздан қонунни бузишган.

Хатти-ҳаракатлар одатни юзага келтиради, одатлар феъл-атворни шакллантиради, феъл-атвор  орқали одам ўз тақдирини кўради. «Гуноҳ гуноҳга олиб боради; қонунсизлик қонунсизликни келтириб чиқаради. Гуноҳ йўлига кириш — гуноҳ йўли бўйича тобора узоқроқ кетиш демакдир», — деб ёзган Уильям Баркли қанчалар ҳақ бўлган.

Натижада мамлакат йўлларида Ўзбекистон ҳайдовчилари томонидан 9653 киши жароҳатланган ва ўлдирилган. Яна бир марта ўқиб чиқинг.

2031 киши ҳалок бўлган ва яна 7622 киши тан жароҳатлари олган. Бор-йўғи 10 ойнинг ичида.

Жиноятчилар ва қурбонлар худди бизга алоқаси йўқ одамлардек, буларнинг барчаси бошқалар томонидан амалга оширилаётгандек бўлиб туюлади, холос. Аммо ундай эмас. Улар — бизлармиз. Ҳаётни яхши томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Сигаретни чекиб бўлиб, ерга ташламанг, йўлни фақат мумкин бўлган жойлардан кесиб ўтинг, тезликни оширманг. Тўғри ва кўчма маънода ҳам ойналарни синдирманг, бошқаларнинг синдиришига ҳам йўл қўйманг. Яхши, фойдали ишларни ва хатти-ҳаракатларни кўпроқ амалга оширишга интилинг. Ва «синган» ойналар ўрнига дарҳол янгисини қўйинг.

Токи «синган ойналар назарияси» синган ҳаётга олиб келмасин. Сизнинг ва бошқа одамларнинг шундай ҳаётига.

Бахтиёр Насимов, «Дарё» шарҳловчиси.