БМТ Саудия Арабистонни Яманга гуманитар ёрдам етказиш учун ушбу мамлакат портларини очишга чақирди. Бу ҳақда брифинг чоғида Яман бўйича гуманитар координатор Жейми МакГолдрик баёнот берди, деб хабар қилади «РИА Новости».
Бир ҳафта муқаддам Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий коалиция Ямандаги ер усти, ҳаво ва денгиз кириш йўллари ёпилишини маълум қилди. Бундан бироз олдин исёнчи хусийлар Ямандан туриб ар-Риёд томонга ракета отган эди.
Коалиция вакиллари бир неча маротаба блокада вақтинчалик эканлигини айтганига қарамай, ҳозирча вазият ўзгаргани йўқ. Бундан ташқари, Саудия томони, блокадага қарамай, гуманитар ёрдам олиб кирилиши давом этишини билдирганига қарамай, БМТ етарли даражада ишлар олиб борилмаётганини таъкидламоқда.
«Адан порти очилганини эшитдик, аммо бу етарли эмас… Ҳозирча Саудия Арабистони Худайда порти ва Сано аэропортини очиш бўйича иш олиб бораётгани ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ… Биз халқаро коалицияни ёрдам етказиш учун барча портларни очишни сўраймиз», — деди МакГолдрик.
Изоҳ (0)