АҚШ Адлия вазирлиги Россиянинг «Росатом» концернига Uranium One компаниясининг сотилиши ҳамда Клинтонлар жамғармасига қилинган хайриялар ўртасидаги боғлиқликни ўрганади. Бу ҳақда, The New York Times нашрига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Адлия вазирлигининг АҚШ Конгресси юридик қўмитасига юборган мактубида таъкидланишича, текширув якунларига кўра тергов ўтказиш-ўтказмаслик масаласи ҳал бўлади.
2009 йили «Росатом» АҚШ уран конларини назорат қилувчи Uranium One компаниясига ҳиссадор сифатида қўшилди, 2013 йили эса унинг ягона эгасига айланди. Маҳаллий матбуотда айтилишича, шу келишувлар даврида Клинтонлар жамғармасига уран компанияси билан боғлиқ бизнесменларнинг йирик миқдордаги хайрия маблағлари келиб тушган.
Ноябрь ойининг бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Адлия вазирлиги уран келишувини тафтиш қилмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтиб ўтган эди. Юридик қўмитага йўлланган мактуб бош прокурор Жефф Сешнснинг давлат раҳбари берган баёнотга жавоби сифатида баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)