31 октябрь, сешанба куни Нью-Йоркда теракт содир этган шахс илгари АҚШ федерал ҳукумати диққатини жалб этган, деб ёзади «ТАСС» The New York Times’га таяниб.
Нашрнинг учта манбаси келтирган маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ўзбекистонлик 29 ёшли Сайфулло Соипов ҳақида Нью-Йоркдаги терактга алоқаси бўлмаган текширув доирасида ахборот тўплаган. Соипов терговни биринчи навбатда қизиқтирган шахснинг қариндоши ёки таниши бўлган.
Газета эслатишича, АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги, ФҚБ ва Нью-Йорк полиция бошқармаси икки йил давом этган текширув якунларига кўра, беш нафар ўзбекистонлик ва бир қозоғистонликка нисбатан ИШИД террорчилик гуруҳини молиявий қўллаб-қувватлаганлик ҳақида расмий айблов эълон қилган эди. Айбланувчиларнинг бир қисми ўз айбига иқрор бўлган эди. Аммо Соипов ўша иш иштирокчиси бўлган-бўлмагани ҳозирча ноаниқ.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)