Вазирлар Маҳкамасининг 27 ноябрдаги 876-сон «Давлат эҳтиёжлари учун шоли харид қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Шу йил ҳосилидан бошлаб давлат эҳтиёжлари учун шолини шоли етиштирувчи хўжаликлардан «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг дон қабул қилиш ташкилотлари сотиб олади. Бунинг учун улар ўртасида контрактация шартномалари тузилади. Улар келишилган бозор нархларида харид қилинади.
Харидларни молиялаштириш ва шоли етиштириш ҳамда уни қайта ишлаш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш учун «Ўздонмаҳсулот» АК мақсадли жамғарма ташкил этади.
Тасдиқланган схемага кўра, ҳар йили 1 майгача моддий-техник ресурсларни сотиб олиш, жумладан, уруғ ва хизматлар тўлови учун аванс тўловлари ажратилади. 1 декабргача давлат эҳтиёжи учун товар ва уруғ-шоли хом ашёлари ҳариди амалга оширилади. Шоли етиштирувчи хўжаликлар билан охирги ҳисоб-китобларйил якунида амалга оширилади.
«Ўздонмаҳсулот»нинг дон қабул қилиш ташкилотларига, истисно тариқасида, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар билан шоли етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди. Бундан нархлар ички бозоридаги ўртача нархлардан ошмайдиган бўлиши зарур.
Изоҳ (0)