Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 июлдаги «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, деб ёзади ЎзА.

Қарорда дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензияси 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шарт экани белгиланган. Қайта расмийлаштириш ишлари янги лицензияловчи орган – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу мақсад учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилди.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбасида ҳам қайта лицензиялаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳозиргача «Ягона дарча» марказлари орқали вилоятдаги 140 дан ортиқ дорихонани қайта лицензиялаш учун ариза қабул қилинди. Ўндан ортиқ ариза нотўғри расмийлаштирилгани боис қайта топшириш учун қайтарилди.

Вилоят комиссияси айни пайтгача 47 дорихона муассасасига дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланиш учун лицензия берди. Ушбу лицензияларнинг 26 таси «Самарқанд дори-дармон» акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган ижтимоий дорихоналар ҳисобланади.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи 900 га яқин дорихона мавжуд.

Изоҳ
Асосий янгиликлар