Ўтган ҳафта мен университет, бизнес-марказ, вазирлик, ҳокимликка бордим ва… биласизми, нима ҳақда ўйладим? Порталга ёзиб, Тошкент архитектура ва қурилиш институти «Ўзбекистонда асосий кириш эшигисиз биноларни лойиҳалаштириш» деган дарс жорий қилиши учун қонун, буйруқ, қарор ёки бошқа қандайдир ҳужжат чиқарилишига эришиш керак, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Фото: Бахтиёр Насимов

Юқорида санаб ўтилган барча муассасаларда марказий кириш эшиклари тақа-тақ ёпиб қўйилган бўлса ва ичкарига кириш учун бинони айланиб ўтиб, орқадан ёки ёндан киришга тўғри келса, асосий кириш эшиги нимага керак? Кириш эшиклари доим ёпиқ бўлиб, устига-устак, баланд қора панжара билан тўсилиб турса, сиз ва бизнинг солиқларимизни уларни лойиҳалаштириш ва қуришга сарфлашнинг нима кераги бор?

Фақат менга «Огоҳлик — давр талаби» дея кўрманг. Сиз ва бизга сўнгги бир неча йилларда қабул қилинган кўплаб ғалати қарорлар ҳақида айнан шундай деб айтишган. Аммо ҳаёт шуни кўрсатдики, шаҳар ва мамлакат йўллар очиқ турган ҳолатда ҳам бемалол яшаши ва ишлаши мумкин экан.

Фото: Бахтиёр Насимов

Келинг, сиз билан ўтган йил ичида юз берган фактларнинг баъзиларини эсга оламиз. Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан қуйидагилар амалга оширилди, ушбу қарорлар энг юқори даражада қабул қилинганига эса ҳеч қандай шубҳа йўқ:

2016 йилнинг октябрь ноябри.

  • Ойбек ва Фидокор кўчалари кесишмасидаги 2015 йилда олиб ташланган пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланди.
  • Афросиёб кўчасининг Шароф Рашидов шоҳ кўчаси ва Бешёғоч кўчаси оралиғидаги қисмида ҳаракат очилди.
  • Тараққиёт кўчасидан Ҳамид Олимжон майдонига кириш йўли очилди.

2017 йил феврали.

  • Мустақиллик шоҳ кўчасидан Тамарахоним кўчасига ўтиш йўли («Дархон» кафеси яқинида) очилди, у 2015 йил ёзида ёпиб қўйилган эди.

2017 йил июли.

  • Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги M-39 автойўлининг Қозоғистоннинг Пахтаорол тумани орқали ўтувчи қисми очилди. Йўлнинг 25 км узунликдаги ушбу қисми 2006 йилда ёпилган эди.

2017 йил сентябри.

  • Тошкентда Кичик ҳалқа йўлидан ўтувчи қайта тикланган йўл ўтказгич кўприк очилди. У 2008 йилда демонтаж қилинган эди.

2017 йил октябри.

  • Шароф Рашидов шоҳ кўчасининг кичик ўрмончага айланишга улгурган қисми яна очилди.

Юқорида тилга олинган ҳолатларнинг ҳар бирида шаҳар ва мамлакат йиллар давомида миллионлаб тонна ортиқча ёқилғи ва миллионлаб соат иш вақтини сарфлади. Бизга эса «Огоҳлик — давр талаби» дейишди ва янгидан-янги йўлларни тўсишни ўйлаб топаверишди.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти доимий равишда ва оғишмасдан ҳам жисмоний, ҳам руҳий тўсиқларни олиб ташламоқда. Бунинг устига, руҳий тўсиқларни бартараф қилиш жамоатчилик учун йўллар ва кўприкларни қайта тиклашдан кўра осонроқ кечиши факт эмас.

Фото: Бахтиёр Насимов

Энди бизнинг ҳамма ерда ва ҳамма вақт ёпиқ ва қулфлоғлиқ турадиган марказий ва асосий кириш эшикларимизга қайтамиз. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида муштарийларга мурожаат қилиб, бош эшикдан эмас, орқа ёки ён томондаги эшикдан кириладиган муассасаларни айтишларини сўрадим.

Натижа ҳатто мени ҳам ҳайратда қолдирди. Муштарийлар бутун шаҳарни санаб ўтишди. Ҳозир менга барча нуқталарни кезиб чиқиб, жойларда ишонч ҳосил қилиш қийин, бироқ жавоб ёзганлар санаб ўтган идоралар қуйидагича:

  • «Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Корпоратив бошқарув маркази, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси».
  • «Вазирлар Маҳкамаси биноси. Панжаралар йўқ, аммо қабулхонага кичик ўтказиш идораси орқали кирасиз. Ўтириш учун жой бештадан кўп эмас. Қишда иситилмайди, елвизак бўлади. Аммо ходимлар асосий эшикдан киришади, у ерда катта фойе, диванлар бор. Кўпчилик қариялар қабулхонага кириш учун тик туриб навбат кутади».
  • «Ташқи ишлар вазирлиги».
  • «Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Ахборот технологияларини ва коммуникацияларини ривожлантириш ваирлиги, ЎзАвто, Ички ишлар шаҳар бошқармаси биноси, Молия вазирлиги».
  • «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компанияси, Ипак йўли банки, Ўзбекистон банклар ассоциацияси».
  • «ТТЗдаги Адвокатлар палатаси, Мирзо Улуғбек ФҲДЁ».
  • «Деярли ҳар қандай банк, ҳар қандай давлат муассасаси. Марказий кириш эшиги «раҳбар одамлар келиб қоладиган» вазиятлар учун режалаштирилган ва қурилган. Улар эса келмайди».
  • «Эски Консерватория, Тошкент давлат шарқшунослик институти (бассейн жойлашган жойда)».
  • «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва асосий кириш эшиги катта йўлга қараган кўплаб бинолар».
  • «Бизнинг вазирликда фақат вазир бош эшикдан киради, қолганларнинг барчаси ён томондаги кириш эшигидан фойдаланади».
  • «Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги. Асосий кириш эшиги бор, аммо у нима учундир ёпиқ. Ўтган йили асосий кириш эшиги ёнидаги, ҳокимликнинг ҳовлисига кириш имконини берувчи эшикча очиқ эди. Энди эса у ёпиб қўйилган, ҳокимликка эса айланиб ўтиш ва кўприкдан ўтиш орқали кириш мумкин».

Бу ҳали тўлиқ рўйхат эмас. Агар муштарийлар айтган бино, муассаса ва идораларнинг қайсидир бирида марказий кириш эшиги аллақачонлар очиб қўйилган бўлса, биз бу янгиликни муштарийлар билан ўртоқлашишдан фақат хурсанд бўламиз.

Муассасаларни ўраб турган панжаралар, зичлаб ёпиб қўйилган эшиклар фақат бир қарашда муҳим эмасдек туюлади. Майда-чуйда нарсанинг ўзи бўлмайди. Очиқ ва шаффоф жамиятда сайловчилар ва улар сайлаган кишилар, фуқаролар ва идоралар ўртасида тўсиқ бўлмаслиги керак. Устунлари ва улкан кириш эшиклари бўлган катта ва чиройли бинолар қуряпмизми, демак, фақат орқа эшикни очиб қўйиш одатидан қутулиш вақти келди. Акс ҳолда, Тошкент архитектура ва қурилиш институтида ҳақиқатан ҳам асосий кириш эшиги бўлмаган биноларни лойиҳалаштиришни ўргатиш керак бўлади.

Бахтиёр Насимов, «Дарё» шарҳловчиси.