Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қарорни имзолади. Қарор матни рус тилида Ўзбекистон Президенти расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Президент қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги «Халқаро ҳамкорлик маркази» компанияси ва «Интерсервис» давлат корхонаси Ташқи савдо вазирлиги тузилмасидан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тузилмасига ўтказилган.
«Халқаро ҳамкорлик маркази» балансидаги Ташкент Плаза савдо маркази Ташқи савдо вазирлигининг «Ўзсаноатекспорт» компанияси ҳисобига, «Халқаро ҳамкорлик маркази»нинг Бўстонлиқ Чимёнидаги дам олиш зонаси вазирликнинг «Ўзтрейд» компанияси балансига ўтказилган.
Ўз навбатида, Президент бир ой муддат ичида «Халқаро ҳамкорлик маркази» устав капиталидаги давлат улушини баҳолаш ва уни белгиланган тартибда сотувга қўйиш ҳақида кўрсатма берган. Бунда марказ устав капиталидаги давлат улуши 51 фоиз миқдорида сақланиб қолиши керак.
Қайд этишларича, Президент ушбу қарорни халқаро конференциялар, семинарлар, йирик инвестиция форумларини ўтказиш йўли билан инвестиция жалб этишни кенгайтириш мақсадида қабул қилган.
Изоҳ (0)