Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қирғизистондаги президент сайловида мухолифатдан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаганини инкор қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Бунинг бари ёлғон», — деди у.
Муқаддам Қирғизистон ТИВ Қозоғистонга эътироз нотасини йўллаган эди. Назарбоев Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов билан учрашганини амалдаги ҳукумат республика ички ишларига аралашув сифатида баҳолаган эди.
Нотага йўлланган жавобда Қозоғистон томони август ойида Назарбоев ҳукмрон социал-демократик партия номзоди Сооронбай Жээнбеков билан ҳам учрашганини, аммо расмий Бишкек бунга салбий муносабат билдирмаганини эслатиб ўтди.
Бабанов ва Жээнбеков 15 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда асосий номзодлар ҳисобланмоқда. Жами президентликка 12 киши даъвогарлик қилмоқда. Амалдаги президент Алмазбек Атамбаев номзодини кўрсата олмайди, негаки қонун бу лавозимни олти йиллик бир муддатдан кўпроқ эгаллаб туришни тақиқлайди.
Айни пайтда Атамбаев президентга хайрихоҳ партия номзоди бўлмиш Жээнбековни қўллаб-қувватламоқда.