Тошкентнинг «Обод» футбол клуби Олий Лигадан четлаштирилди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти маълумот берди.
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Ижроия Қўмитаси ЎФФ билан келишган ҳолда бу қарорга келган. Боиси жамоа регламентда кўрсатиб қўйилган бир қатор талабларни бажармаган ва ПФЛга аъзолик бадали пулларини ҳозиргача тўлаб бермаган.
«Обод»нинг ПФЛ олдидаги қарзи умумий 112 миллион сўмни ташкил қилган. Шундан 90 миллиони аъзолик бадали тўлови, 15 миллиони Ўзбекистон фуқароси бўлмаган мураббийни рўйхатга қўйиш учун тўлов ва 7 миллиони бошқа турдаги жарима бўлган.
Ўзбекистон клубларини лицензиялаш бўйича регламентга мувофиқ, клубни молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотнома ПФЛга тақдим этилмаган. Оқибатда ташкилот учун ушбу жамоа ниманинг ҳисобига молиялаштирилиши ҳақидаги масала тушунарсизлигича қолаверган.
«Обод» футбол клуби 2017 йилнинг 1-давраси якуни арафасида тарқалиб кетишга яқин турганди. Бироқ кейин Украина компанияларидан бири уни сотиб олгани борасида маълумот берилиб, клубга ҳам украин мутахассис олиб келинганди.
Жамоанинг икки учрашуви шубҳали деб топилган. Олий Лига 20-тури доирасидаги «Обод» — «Сўғдиёна» (2:4) ва 22-туридан ўрин олган «Обод» — «Насаф» (0:6) ўйинларида қайд этилган натижалар Federbet халқаро нотижорат федерацияси томонидан шубҳага олинган. Натижада ташкилот ЎФФга хат ёзиб, ПФЛни ҳам бундан огоҳ этган. Бу ҳолат ҳам якуний қарор қабул қилишда муҳим ўрин тутган.
Мусобақалар регламентининг 4.26 бандига асосан «Обод» футбол клуби тақвимдаги ўйинларнинг яримидан кўпини ўтказиб бўлганлиги муносабати билан, олдиндаги ўйинларда жамоага техник мағлубият, унинг рақибларига эса техник ғалаба ёзилади. Ўтган ўйинлардаги огоҳлантириш ва четлатишлар ўз кучида қолади.
Ўзбекистон қонунчилиги ҳужжатларида кўрсатилганидек, «Обод» футбол клуби ўз ходимлари ва футболчилари олдидаги меҳнат шартномалари бўйича қарзларни узиш ва солиқ тўловларини тўлаш мажбуриятини сақлаб қолади. Жамоа ходимлари ва футболчиларига эса бошқа футбол клубларда қайдномадан ўтишга регламенти асосида рухсат берилади.
Изоҳ (0)