Техас штатининг демократ конгрессмени Эл Грин 25 сентябрь, сешанба куни вакиллик палатасидан АҚШ президент Дональд Трампга нисбатан импичмент берилишини овозга қўйишни талаб қилди, деб хабар берди «Интерфакс».
«Мен мана шу ерда, вакиллик палатаси аъзоларининг қаршисида туриб, АҚШ президентига нисбатан импичмент беришга чақираман», — деди Грин.
Шу билан бирга, конгрессменнинг таъкидлашича, Трампнинг афроамерикалик спортчиларни АҚШ мадҳияси янграётган вақтдаги ҳаракатига билдирган изоҳи «номақбул ва бу президент лавозимини эгаллаган инсон томонидан айтилиши керак эмас».
25 сентябрь куни Трамп Миллий футбол лигасига муроаат қилиб, Америка футболи ўйинчилари АҚШ давлат мадҳияси янграётган вақтда битта тиззада туришларини тақиқлаш кераклигини айтганди.
Афроамерикалик спортчиларнинг АҚШ мадҳиясининг ижроси вақтидаги норозиликлари анча вақтдан бери давом этиб келади. Бироқ Трамп бу каби ҳаракатни мамлакат рамзларига ҳурматсизлик дея баҳолаганидан сўнг, яна долзарб мавзуга айланди.
Ўз навбатида қора танли спортчиларнинг фикрича, бу орқали улар АҚШдаги ирқчилик муаммосига эътибор қаратишади.
Изоҳ (0)