Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Остонада Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлиши юзасидан расмий ахборот берди. Баёнот ТИВ сайтида келтирилди.
«Қозоғистон ОАВ берган маълумотга кўра, 17 сентябрь куни оқшомда Остона шаҳрида қурилаётган объект ҳудудида том ва деворлар қулаб тушган. Натижада, дастлабки маълумотларга кўра, уч нафар Ўзбекистон фуқароси жабрланган бўлиб, улардан икки киши ҳалок бўлган ва бир киши касалхонага ётқизилган», — дейилади хабарномада.
Қозоғистоннинг тегишли органлари томонидан тезкор тергов гуруҳи тузилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Элчихонанинг консуллик бўлими томонидан фавқулодда ҳолат ҳақида батафсил маълумот олиш учун қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Илгарироқ Остонадаги қурилиш объекти девори қулаши оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани, яна бир нафари жароҳатлангани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)