Менинг дўстим Баҳриддин ва рекорд палови

Саккизинчи сентябрь, жума куни Тошкент шаҳри марказида мен 2012 йил февралидан буён кутаётган ҳодиса юз беради. Айнан ўша вақтда мен ғоятда истеъдодли ўзбек ошпази Баҳриддин Нажмиддинов билан танишган эдим. Эсимда, минг қаричлик чўзма лағмон ҳақида, аммо асосийси, Баҳриддиннинг ош пишириб, рекорд ўрнатиш орзуси ҳақида суҳбатлашган эдик. Бундан у шахсий манфаат олишни ёки ўзича шуҳрат қозонишни эмас (Гиннесснинг Рекордлар китобида ҳеч кимнинг исми кўрсатилмайди), балки миллий ўзбек таомининг шуҳрати бутун дунёга жаранглашини кўзлаётганди.

Фото: Баҳриддин Чустий

Ўтган йиллар ичида «шунчаки Баҳриддин» «ўша машҳур Баҳриддин Чустий»га айланди. У улғайди, Наманган вилоятидаги ота шаҳри бўлмиш Чустда миллий чойхона, Тошкентда иккита чойхона-кафе ва ҳатто миллий таомлар тайёрланадиган олий даража ресторанини очди, аммо бир кунга ҳам ўз орзусидан воз кечмади.

Ҳар сафар учрашганимизда биз Интернетда дунёнинг турли мамлакатларида гуручдан тайёрланиб, рекорд ўрнатган таомларни ўрганардик ва бўлғуси ош учун дошқозон қанақа бўлиши кераклигини ва уни қаерда ясаш мумкинлигини муҳокама қилардик.

Фото: Баҳриддин Чустий

2017 йил августида дўстлар ва маслакдошлар рекорд даражадаги паловни пишириш томон ҳал қилувчи қадамни қўйишди. Олмалиқда махсус улкан қозон тайёрланди ва ўша ердаёқ 20 минг кишини тўйдириш учун етган ажойиб ош пиширилди.

Шу ҳафта, насиб бўлса, «Ўзбегим» анъанавий маданият фестивали доирасида дунёдаги энг катта ҳажмли ош тайёрланади. Мамлакатнинг турли бурчакларидан келган эллик нафар таниқли ошпаз асосий ўзбек таомини пиширади. Ёзишларича, рекордни қайд этиш учун Гиннесснинг Рекордлар китоби расмий вакиллари етиб келади. Бу жуда яхши янгилик.

Фото: Баҳриддин Чустий

Мамлакат ошпазларининг пазандалик санъатига заррача ҳам шубҳа қилганим йўқ. 8000 килограмлик ошни тайёрлаш ҳаддан ташқари қийин, аммо улар буни уддалашига ишонаман.

Мен ҳозир сизга бизнинг рекорд ўрнатишдаги ролимиз қанақа бўлиши ҳақида гапириб бераман. Сабзи-пиёз тўғраш, гуруч ювиш, гўшт нимталаш, нўхат, майиз, туз, зира, мурч ва зарчавани ўлчаб беришда қатнашмайдиган биз каби одамлар янада мураккаброқ вазифани бажаришимиз керак бўлади.

Фото: Баҳриддин Чустий

Гиннесснинг Рекордлар китобига фақат битта рекордни киритишимиз керак. Ош тайёрлаш бўйича рекорд. Шундай қилайликки, ҳеч ким ҳеч қачон саккиз тонналик ош ҳақида гапираётиб, биз, ўзбекистонликлар шаҳар марказида тартибсизлик, ур-йиқит ва ит эгасини танимайдиган ҳолатни юзага келтирганимизни тилга олмасин.

Бу фикрлар тасодифий эмас. «Ош фестивали»ни хотирлашим билан, фуқароларимиз баъзан ўзларини қанчалик даражада бошқара олмай қолиши хаёлимга келади. Аэропортларда, йўналишли такси тўхташ жойларида, кассалар ёнидаги навбатларда ўзимизни қандай тутишимизни сиз ҳам эслаб кўринг.

Мен ички ишлар ходимларининг юқори даражада профессионаллигига ишонаман, уларни хавфсизлик ва тартибни таъминлашга шубҳасиз жалб этишади. Кўнгиллилар, кўнгилли ёрдамчилар ҳам бўлишига ишонаман. Келинглар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва кўнгиллилар ишини осонроқ қилайлик.

Ҳозирги кунда «Ўзбекистонда туғилганимдан фахрланаман» қабилидаги ёзувлар туширилган футболкаларни кўриш мумкин. Бу, албатта, яхши.

Аммо киши Ўзбекистонда ёки Японияда туғилгани унинг хизмати эмас. Ҳар бир киши Ўзбекистон учун фахр туйғусини туйиш сабабларини кўпайтириш йўлида нимадир қилиши — ундан-да яхшироқ. Баҳриддин дўстлари билан ана шундай ишга қўл урмоқда, ва мен унинг пазандалик соҳасидаги жонбозлигини яна бир бора қўллаб-қувватлашимни билдираман.

Бизнинг оддийгина, аммо шу билан бирга, мураккаб ҳам бўлган вазифамиз — миллий таомимиз байрамини ҳеч нарса билан бузмаслик.

Агар биз ўзбек палови тарихидаги асосий кунни хотиржамлик билан, бир-биримизни турткиламасдан ва шовқин солмасдан ўтказсак, то тирик эканмиз, ўз-ўзимиздан фахрланиб яшаймиз.

Дўстларингизнинг ҳаётида қувончли воқеа юз берса, бу сизнинг ҳам ҳаётингиздаги қувончни билдиради. Жаҳон рекордини ўрната олсак, қувончли ҳодиса барча ўзбекистонликлар ҳаётида юз беради.

Ва фахрланиш учун сабаблар яна биттага кўпаяди.

Бахтиёр Насимов,
«Дарё» шарҳловчиси

↓ KEYINGI XABAR ↓
Scroll to top