Тошкент шаҳар Сергели туманида ҳайдовчининг машинасига ўтириб, унга нисбатан куч ишлатиб, босқинчилик содир этган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
2017 йилнинг 7 август куни тахминан соат 23:50 да уч нафар номаълум шахс Сергели тумани ҳудудида фуқаро Сурат Валиев бошқарувида бўлган Spark автомашинага йўловчи сифатида ўтирган. Номаълум шахслар ҳайдовчининг соғлиги ва ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, бўйнига арқон ташлаб, пичоқ билан қўрқитиб, мол-мулкини уларга беришини талаб қилган.
Бироқ Сурат Валиев уларга қаршилик кўрсатиб, автомашина салонидан тушиб кетган. Шунда талончилар ҳам жиноят содир этилган жойдан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Пак Александр Дмитриевич ва вояга етмаган Калан Ян Эдуардович, Шепелев Роман Александрович содир этганлиги аниқланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.
Изоҳ (0)