Қачонлардир миллионер бўлишни истаган бўлсангиз (ким ҳам истамайди?) ҳозир айни вақти. Spectrem Group ўтказган сўровномага кўра, ҳозирги пайтда АҚШда миллионерлар ҳар қачонгидан кўра кўпроқ, деб ёзади InsiderPro.
Миллионни ҳеч ким рад этмаслигига қарамасдан, уни ишлаб топишга ҳамма ҳам қодир эмас. Дунёнинг энг бой одамларига хос бўлган маълум бир хусусиятлар мавжуд. Ушбу белгилар сизга ҳам хос бўлса, эҳтимол сизга ҳам миллионер бўлиш насиб қилар.
- Сизда доим тадбиркорлик руҳи бўлган
Марк Кьюбан 12 ёшлигида қўшниларга чиқинди пакетларини сотган ва ишга жойлаша олмаган. Уоррен Баффет ҳам шунга ўхшаш йўл тутган: 6 ёшлигида дўстларига сақич сотган. Ричард Брэнсон 11 ёшида тўтиқушларни кўпайтириб, уларни сотган.
Тадбиркорлик руҳи ва меҳнат ахлоқи кўплаб болалар ва ўсмирларнинг катта ёшда миллиардлаб даромад келтирувчи компаниялар очишига сабаб бўлади.
- Бир нечта даромад манбасига эгасиз
Қанчалик кўп даромад манбасини ярата олсангиз, молиявий аҳволингиз шунчалик мустаҳкам бўлади.
- Мунтазам китоб мутолаа қиласиз
«Ўрта синф романлар, таблоидлар ва кўнгилочар журналлар ўқийди. Бадавлат одамнинг хонадонига кирсангиз, биринчи кўзингизга ташланадиган нарсалардан бири уни муваффақиятга олиб келган улкан кутубхона бўлади», — дейди ёзувчи.
Машҳур миллиардерларнинг кўпчилиги ушбу нуқтаи назарни тасдиқлайди. Масалан, Билл Гейтс йилига 50 га яқин китоб ўқийди, Уоррен Баффетт иш кунининг 80 фоизини мутолаа учун сарфлайди. Илон Маскдан у ракета қуришни қандай ўрганганлиги ҳақида сўрашганда, у «Мен китоб ўқийман» деб жавоб берган.
- Биринчи навбатда ўзингизга тўлайсиз
«Кишиларнинг аксарияти маблағларни сарфлай туриб, дастлаб ҳисоблар бўйича тўловларни амалга оширади, қолган қисмини эса жамғариб боради. Аслида бунинг акси бўлиши керак: дастлаб жамғармоқчи бўлган қисмини олиб қўйиб, кейин ҳисоблар бўйича тўлов қилиш, ана ундан кейин қолган қисмини сарфлаш ҳақида ўйлаш зарур», — дейди молиявий режалаштириш бўйича малакали мутахассис Нэнси Батлер.
Кўпчилик молиявий экспертлар 50/30/20 қоидасидан фойдаланишни тавсия қилади: даромадингизнинг 50 фоизи заруратлар учун (кредитлар, ҳисоблар, озиқ-овқат ва бошқалар), 30 фоизи эҳтиёжлар (масалан, янги кийим) учун сарфланиб, қолган 20 фоизини четга олиб қўйишингиз керак.
- Камтар ҳаёт тарзи тарафдорисиз
Ҳузур-ҳаловатни кейинга қолдириш қобилияти кўпчилик миллионерларнинг асосий хусусиятидир. Улар ҳозиргина ишлаб топган пулини сарфлаш истагини назорат қилади.
Кўпчилик кишилар учун эса бу ҳақиқий муаммо.
Блогер Ланс Котерннинг сўзларига қараганда, назорат қилишнинг бир нечта стратегиялари мавжуд: ўз мақсадларингизни ёзиб қўйиб, бир сутка сабр қилиб, харид қилиш ҳақида қарор қабул қилишдан аввал ўзингиздан катталар билан маслаҳатлашиб олишингиз мумкин. Бу улар қилган хатоларни такрорламаслик имконини беради.
Миллионер бўлиш кўпчилик учун эришиб бўлмайдиган мақсаддек кўринади. Бироқ тўғри фикр юритиш орқали бунга эришишнинг имкони бор. Дунёнинг энг бадавлат кишиларга хос иқтисодий одатлар сизда ҳам бўлса — эҳтимол, сиз бойлик йўлидасиз.