Грузиянинг собиқ президенти, Украинанинг Одесса вилоятининг собиқ ҳокими Михаил Саакашвили Украина фуқаролигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Украина давлат миграция хизматининг баёнотига кўра, бунга асос бўлиб Саакашвили томонидан паспорт олишда ёлғон маълумотлар тақдим этилгани кўрсатилди.
Жумладан, 2015 йили Саакашвили анкетада Украина ёки бошқа давлатда тергов ёки суд таъқиби остида эмаслигини ёзган. Аммо ўша пайти у Грузияда сиртдан ҳибсга ҳукм қилинган эди.
2015 йил декабрида Саакашвили Грузия фуқаролигидан маҳрум қилинган эди. У Украина фуқаролигини қабул қилгани бунга асос бўлган эди. Айни пайтда унда бирор давлат фуқаролиги бор ёки йўқлиги маълум эмас.
Муқаддам у АҚШда ўн йил яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи визага эга эканлигини билдирган эди. Бундан ташқари, Саакашвилининг рафиқаси Сандра Рулофс Нидерландия фуқаросидир.
Изоҳ (0)