Facebook асосчиси Марк Цукерберг SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маскнинг сунъий ақл инсоният учун энг катта хавф эканлиги ҳақидаги фикрига қўшилмади. Цукерберг бу борада Facebook Live онлайн-трансляциясида ўз фикрини айтиб ўтди, деб ёзади «РИА Новости».

Фото: AP

Цукерберг охиратни башорат қилишга уринишни масъулиятсизларча қилинган иш деб аташ билан бирга, сунъий ақлнинг келажакдаги инсоният учун ижобий ролини қайд этиб ўтди.

«Сунъий ақл келажакда ҳаётимизни яхшироқ қилади, охиратни башорат қилиш эса жуда масъулиятсиз иш», — деди Цукерберг SpaceX ва Tesla раҳбари гапларига изоҳ беришни сўраган фойдаланувчилардан бирининг саволига жавобан.

Аввалроқ SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси Илон Маск Губернаторлар миллий уюшмаси учрашувида нутқ сўзлар экан, «сунъий ақл инсоният цивилизация сифатида тўқнаш келадиган асосий хавф» эканлигини айтган эди.