Бир муддат илгари Қатар Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср томонидан мамлакатнинг дипломатик изоляцияси тўхтатилиши учун бажариши талаб этиладиган 13 шартига жавоб бергани, Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдурраҳмон ат-Таний ушбу жавобни етказиш учун Кувайт амири ҳузурига етиб боргани маълум бўлган эди. Қатарнинг маҳаллий матбуотида мазкур жавобда акс этган айрим тафсилотлар ошкор этилди, деб хабар беради «ТАСС».
Жумладан, айтилишича, расмий Доханинг жавобида Қатар Эрон билан алоқаларни сақлаб қолган ягона араб давлати эмаслиги, ва араб давлатлари ўз навбатида талаблардан бирига амал қилиб, Теҳрондаги дипломатик ваколатхоналар даражасини тушириши лозимлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, Доха Туркия ҳарбий базаси ёпилиши мумкин эмаслигини таъкидлаган, бунга асос сифатида Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши йўриқномаси бошқа мамлакатлар билан бундай ҳамкорлик ўрнатилишини тақиқламаслигини кўрсатган.
Al Jazeera телеканалини ёпиш талабига жавобан Қатар ҳукумати тўрт араб давлатига шунга мос равишда бошқа каналларни, жумладан, штаб-квартиралари БААда жойлашган Al Arabiya ва Al Hadath каби каналларни ёпишни таклиф қилган.
Айни пайтда Қоҳирада араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб ўтмоқда. Унда Қатарга нисбатан бундан буён қандай йўл тутиш масаласи ҳал этилади.
Изоҳ (0)