Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди, деб хабар берди ЎзА.

Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Қурилиш лойиҳасига кўра, Ҳазрати Хизр мақбараси атрофида миллий меъморлик анъаналари асосида қўшимча айвонлар, чойхона қурилмоқда, бошқа қулайликлар яратилмоқда. Президентга мазкур қурилиш объектларининг лойиҳалари ҳақида сўзлаб берилди.

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини таъкидлади. Айвонлар мақбара билан ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди.

Мақбарани янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратиш бўйича тавсиялар берди. Мажмуа атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий тунги ёритиш тизими билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.