ЎзА Шаҳрисабз туманидаги «Эко парранда» масъулияти чекланган жамиятидан репортаж тайёрлади. Материалда таъкидланишича, корхона Афғонистон ва Тожикистонга 1 миллион долларлик тухум экспорт қилишни режалаштирилмоқда.
Айни пайтда МЧЖда 70 минг зотли товуқ парваришланиб, кунига 60 мингдан зиёд тухум олинмоқда.
Ички бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаган корхона маҳсулотни ташқи бозорга чиқаришни ҳам йўлга қўйди. Ўтган йили қўшни Афғонистон ва Тожикистон давлатларига 107 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилнинг 1 апрелига қадар бу кўрсаткич 320 минг доллардан ошди. Корхона жамоаси йил охирига қадар бу кўрсаткични 1 миллион долларга етказишни режалаштирган.
«Аҳолига тарқатиш учун 80 минг дона наслли жўжа ҳам парваришлаймиз, — деди корхона иш бошқарувчиси Умархон Умидов. — Фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида 10,2 миллиард сўмлик йирик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Наслли паррандани ўзимизда етиштириш имконини яратадиган ушбу лойиҳага кўра, йилига 456 минг дона жўжа очиришга мўлжалланган замонавий инкубацион цех, жўжа етиштириш ва 50 минг товуқ боқиш учун қўшимча замонавий объектлар қурилади. Натижада 30 янги иш ўрни яратилади».
Изоҳ (0)