ЖЧ—2018 саралаш босқичидаги Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби Эрон машғулотларга киришди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
12 июнь куни Теҳронда Ўзбекистонга қарши саф тортадиган форс футболчиларини Россия мундиалидан яна битта қадам ажратиб турибди. Рамазон ойида бўлиб ўтадиган учрашув эронлик футболчилар ғалабаси билан якунига етса, Карлуш Кейруш жамоаси кетма-кет иккинчи бор мундиал чиптасига эга чиқади.
6 июнь куни Черногория термаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушадиган Эрон термаси айни вақтда Астрияда йиғинга киришган. Машғулотлар олдидан бош мураббий Карлуш Кейруш Facebook саҳифаси орқали Ўзбекистон билан ўйин олдидан ўз фикрларини баён қилди.
Австриядаги ўқув-машғулот йиғинида эканмиз, демак, ўз-ўзимизга савол бериш вақти келди: Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан футболчилардаги фидойиликдан қониқиш ҳосил қилганмизми?Ўзбекистонга қарши беллашувда қўлга киритиладиган 3 очко ЖЧ йўлланмаси йўлидаги «матч-поинт» бўлади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистонга қарши ўйин биз учун худди ЖЧ финалидек гап. Ҳар доим айтганим каби, биз ўзимизнинг мундиалда ўйнаяпмиз!
Ўзбекистон билан ўйин энг қийини ва муҳими бўлибгина қолмай, жамоа сифатида куч-қудратимизни кўрсатишга катта имконият беради. Бўлажак ўйиндан қониқиш ҳосил қилибгина қолмай, ҳар бир дақиқа ва ҳар бир сонияда ўз бурчимизни, тўлиқ эътиборимизни, максимум профессионалликни кўрсатишимиз керак. Бундан ками бизни қониқтирмайди. Чунки муваффақият осонлик билан келмайди. Жамоанинг ҳар бир футболчиси ва ҳар бир ходими — саралаш босқичи учун масъул бўлган ҳар бир инсон борини бериши ва фидойилик кўрсатиши шарт!
Карлуш Кейруш, Эрон термаси бош мураббийи
Ўзбекистон терма жамоаси Эронга қарши биринчи учрашувда рақиб дарвозасига битта ҳам аниқ зарба бера олмаганди. Форслар жавоб ўйинига тайёргарлик доирасида Ўзбекистондан кучлироқ бўлган рақибни спаринг сифатида танлаб олди. Ўзбекистон эса ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичида 1 та ҳам ғалабага эришмаган ва Эрондан кучли бўлмаган Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида 6 июнь куни майдонга тушади.
Мазкур беллашувга бир ҳафта вақт қолганида ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таркиби оммага маълум қилинмаган. Самвел Бабаян эса форсларга қарши ўйин борасида ўз фикрини билдирмаган. Карлуш Кейрушнинг кенгайтирилган таркиби эса Ўзбекистон нашрларида тахминан 1 ой олдин кўриниш берганди.
Изоҳ (0)