15 май куни эрталаб WanaCryptor 2.0 товламачи вируси қурбонлари сони кескин ошиши тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Европол директори Роб Уэйнрайт маълум қилди, деб хабар беради Reuters.
«Биз кучайиб бораётган хавф билан юзма-юз бўляпмиз. Вирусдан жабрланганлар сони ошиб бормоқда. Уларнинг миқдори душанба куни эрталаб одамлар ишга келиб, компьютерини ёққанида бундан-да тез суратда кўпайиб кетишидан қўрқяпман», — деди Уэйнрайт.
Европол раҳбари вирус тарқалишини ақл бовар қилмас ҳодиса деб атади. У ушбу киберҳужум ортида ким турганини Европол билмаслигини қайд этди.
«Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу вирус қурбонлари сони камида 150 мамлакатда 200 мингдан зиёдга етган. Уларнинг кўпчилиги корхоналар, шу жумладан, йирик корпорациялар», — деб қўшимча қилди Уэйнрайт.
Маълумот ўрнида, ахборотни шифрлаб, у учун пул сўрайдиган WanaCryptor 2.0 вируси 12 майдан бошлаб тез тарқала бошлади. Ўша кунги маълумотларда вирус 74 мамлакатда ўн минглаб компьютерларга ҳужум қилгани айтилган эди.
Изоҳ (0)