Маълум қилинишича, 26 апрель куни Поп тумани ҳудудида ўтказилган тадбир давомида Давлатобод туманида яшовчи айрим аёллар ўзларини турли исмлар, жумладан Наргиза, Мафтуна ва Малика деб таништириб, фуқаролар ишончига киргани аниқланган. Улар Давлатобод тумани “Юксалиш” маҳалласида яшовчи аёл билан тил бириктириб, жиноий режани амалга ошириб келган.
Терговда аниқланишича, жиноий схемада воситачилар орқали асосан ёш, турмушдан ажраган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар нишонга олинган. Гуруҳ хорижда яшовчи шериклари орқали аёлларни иш ва юқори даромад ваъдаси билан алдаб, уларни чет элга олиб чиқиш ва фоҳишаликка жалб қилиш билан шуғулланган.
Тезкор тадбир ўтказилган куни ҳам Давлатобод туманида яшовчи, 2001-йилда туғилган аёлни Ҳиндистонга фоҳишалик учун юборишга уриниш вақтида жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни, айниқса хорижда ишлаш билан боғлиқ шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди. Идора ноқонуний ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлган фуқаролардан зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўради.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида ДХХ ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 26 ёшли аёлни хорижга фоҳишалик учун юбормоқчи бўлган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Қашқадарёда аёлларни Туркияга фоҳишаликка юбориш билан шуғулланган шахс қўлга олингани хабар қилинган. Ҳолат юзасидан гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш чораси қўлланган.