Оқ уй Россия ҳукумати «ТАСС» давлат агентлигига АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Овал кабинетда бўлиб ўтган учрашуви суратларини чоп этишга рухсат беришини кутмаганди. Бу ҳақда CNN Оқ уйдаги олий амалдорга таяниб хабар берди, деб ёзади «Газета.ru».
Россия агентлиги фотосуратчиси иштирок этган учрашув суратлари нафақат «ТАСС» томонидан, балки Россия ТИВнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам эълон қилинди.
Шу билан бирга, Оқ уйдаги манба телеканалга маъмурият фотосуратчиси учрашувда қатнашган бўлса-да, улар фотосуратларни эълон қилмаганини айтди.
«Улар бизни алдади. Руслар билан муаммо шунда — улар ёлғон гапиради», — деди Трамп маъмуриятидаги дарғазаб амалдор.
Россия ТИВнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойланган суратларда Трамп Лавровнинг қўлини қисиб, табассум қилаётгани акс этган. Баъзи фотосуратларда учрашувда Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк ҳам қатнашганини кўриш мумкин. Унга нисбатан муносабат АҚШда мужмал, бунга унинг, гўёки, Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашувидаги роли сабабчидир.
Изоҳ (0)