Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг швейцариялик ҳамкасби Дорис Лойтхард бир-бирига мактуб йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбари ўз мактубида икки томонлама алоқаларда эришилган даражага юқори баҳо бериб, ўтган давр мобайнида мамлакатлар ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ҳамфикрликнинг мустаҳкам анъаналарига асосланган ўзаро тенг ҳамкорлик ўрнатилганини таъкидлаб ўтди.
«Муносабатларнинг бутун кун тартиби бўйича очиқ ва конструктив мулоқот олиб борилмоқда. Икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларини қамраб олувчи шартнома-ҳуқуқий база шакллантирилди», — дейилади мактубда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон–Швейцария ҳамкорлигини биринчи навбатда савдо-иқтисодий ва инвестицион-технологик соҳаларда ўстиришда кенг имкониятлар ва катта салоҳият борлиги айтиб ўтилди.
Швейцария раҳбари ўз мактубида икки давлат ўртасидаги кўп йиллик дўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди.
«Швейцария ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши муносабатлар ва турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ушбу дўстликни акс эттиради. Швейцария Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади, ва икки томонлама иқтисодий комиссиямизнинг мунтазам учрашувлари икки томонлама савдодаги ижобий тенденциялардан дарак беради», — дейилади Дорис Лойтхарднинг мактубида.
Мактубининг якунида Лойтхард хоним Ўзбекистон ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини тилаб қолди.
Изоҳ (0)