2017 йилнинг 10—12 май кунлари БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ташрифдан мақсад — Ўзбекистон ва БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссариати ўртасига ҳамкорлик, шунингдек, келажакда томонларни қизиқтирадиган соҳалар доирасида ҳамкорлик муҳокамаси.
Таъкидлаш жоизки, иорданиялик Зайд Раад ал-Ҳусайн БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича еттинчи олий комиссари ҳисобланади. У Жонс Хопкинс университетида (АҚШ) гуманитар йўналишнинг бакалавр, Кембриж университетида эса (Буюк Британия) фалсафа фанлари доктори даражасини олган. Дипломатия соҳасида 12 йиллик тажрибага эга.
2014 йилда у БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимига тайинланган биринчи осиёлик бўлди. Бунга қадар Зайд Раад ал-Ҳусайн БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилган.
Зайд Раад ал-Ҳусайн халқаро ҳуқуқлар масаласи, халқаро жиноий суд, ядровий терроризмга қарши тинчликпарвар операцияларни ўтказиш бўйича ихтисосликка эга. Араб, инглиз ва француз тилларини билади.
Унинг Ироқ ва Суриядаги жанговар ҳаракатлар зонаси, шунингдек, Венесуэла, Украина, Ғазо сектори ва Африкада бир қатор мамлакатларда гуманитар вазият бўйича ечимларни белгилаб бергани алоҳида аҳамиятга эга.
Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташрифи чоғида ОАВ га ва ташриф якунида Халқаро пресс-клуб журналистларга интервью бериши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 34-сессияси доирасида Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашиб, уни Ўзбекистонга таклиф қилганди.
Изоҳ (0)