Венесуэладаги оммавий норозилик намойишлари давомида ҳалок бўлганлар сони 26 кишига етди. Бу ҳақда мамлакат бош прокурори Луиса Ортега Диас маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Мен мамлакатда юз бераётган ҳар қандай зўравонликни рад этишимни маълум қилмоқчиман. Мен тинчликпарвар аёлман, зўравонликка тоқат қила олмайман ва ким бўлишидан қатъи назар — ҳукумат тарафдори бўладими ёки мухолифат вакили — 26 венесуэлаликнинг қурбон бўлганидан афсусдаман», — деди Ортега Диас хоним.
Бош прокурорнинг таъкидлашича, ҳозирги ҳолатда ҳукумат томони президент Николас Мадуро тузуми мухолифлари билан мулоқотни қайтадан бошлаши лозим.
Венесуэлада 4 апрелдан бери оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Намойишлар мухолифат қўлида қолган парламент ваколатларини кескин чеклаб қўйган Олий суд қароридан сўнг бошланган.
Олий суд қарори кейинчалик бекор қилинди, бироқ мухолифат тарафдорлари суд аъзоларининг истеъфоси ва муддатидан аввалги президентлик сайлови ўтказилишини талаб қилиб, яна кўчаларга чиқди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)