Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауд АҚШга ўз ўғли шаҳзода Холидни элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда 22 апрель, шанба куни Press TV маълум қилди.
«Шаҳзода Абдуллоҳ бин Файсал бин Туркий АҚШдаги элчи лавозимидан олинди. Элчи этиб шаҳзода Холид бин Салмон бин Абдулазиз тайинланди», — дейилади қиролнинг қарорида.
Мазкур тайинлов қирол томонидан 22 апрелда амалга оширилган кадрларни қайта жойлаштиришдан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, қирол ахборот вазири Одил ат-Торайфий ўрнига Германиядаги собиқ элчи Аввад бин Аввадни тайинлади. Шунингдек, қирол давлат хизмати ишлари бўйича вазир Холид ал-Аржаний ва армия қўмондонини ўз лавозимидан олиб, миллий хавфсизлик марказини тузди ва Иброҳим ал-Умарни мамлакат бош инвестиция бошқармаси бошлиғи этиб тайинлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)