Шерзод Кудбиевнинг илк 200 куни

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилган биринчи тайинловлардан бири 2016 йил сентябрида 35 ёшли Шерзод Кудбиевнинг Ўзбекистон пойтахтидаги энг йирик туманлардан бўлмиш Мирзо Улуғбек тумани ҳокими этиб тасдиқланиши бўлди.

Foto: “Daryo”

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Сўнг мамлакат замонавий тарихида ноёб факт қайд этилди — декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2017—2019 йилларда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори чиқди. Таъкидлаш жоиз, ривожлантириш дастури бюджети 1 триллион 683 миллиард сўмга тенг. Дастур орқали саноат, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида, ижтимоий инфратузилмада 591 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

«Дарё» нашри шарҳловчиси Бахтиёр Насимов Шерзод Давлатовичнинг туман раҳбари фаолиятидаги 200-кунида у билан учрашди.

Интервью 21:40 да бошланди

Суҳбат узлуксиз равишда қўнғироқлар билан бўлиниб турди. Туман ҳокими ҳатто интервью чоғида ҳам ишни тўхтатмади. Шу туфайли, аввалдан келишилмаган ҳолда берилган биринчи савол тамоман тушунарли:

— Бундай иш режимига уйдагилар қандай муносабатда?

— Бошида ҳайрон қолишди, аммо ҳозир бу одатий ҳолатга айланган: рафиқам Наргиза ҳам, фарзандларим — Ширинабегим ва Отабек ҳам дадаси эрта кетиб, кеч келишига кўникиб қолди.

— Шерзод Давлатович, сиз ҳеч бўлмаса, кечки вақтларни уйда ўтказасизми?

— Ўтказаман, мана, масалан, масалан…— Кудбиев ўйланиб қолди. — Биласизми, охирги марта қачон бундай бўлгани эсимда йўқ, аммо бўлиб туради. Бироқ ўзим ҳокимлик қиладиган туманда яшайман — бу борада омадим келган. Шу сабабли баъзан тушликни қилиш учун уйга ҳам бориб тураман. Оилавий тушлик вақтларида мулоқот қилишга муваффақ бўламиз, нималарнидир муҳокама қиламиз.

— Иш кунингиз қачон ва нима билан бошланади?

— Эрталаб еттидан. Тахминан бир ярим соат ичида туманни айланиб чиқишдан бошланади. Бир кун аввалги топшириқлардан келиб чиқиб, жойларни кўздан кечираман, нима қайси босқичда эканлигини кўраман. Тўққиздан ўз ишхонамда иш бошлайман. Чоршанба ва жума кунлари ўн биргача фуқароларни қабул қиламан, сўнг яна мақсадли тарзда чиқиб кетаман: муайян объектларни, маълум бир маҳаллаларни бориб кўраман.

— Бугун қаерларга бордингиз?

— Аввалига янги асфальт ётқизилаётган Шукур Бурхонов кўчасига бордим, асфальт сифатини, нима қандай бажарилаётгани, қандай муаммолар борлигини ўргандим. Иккинчи бўлиб, Авайхон кўчасини бориб кўрдим, у ерда асфальт ётқизишга тайёрланишмоқда. Сўнг Гёте кўчасига бордим. Кейин эса мини-инқилобий нарсалар бўлаётган Мусаввирлар кўчасини кўздан кечирдим. У ерда шу пайтгача ҳеч қачон бўлмаган тротуар қилинмоқда. Болалар боғчаси, мактаб ва поликлиника ёнида автотураргоҳлар бунёд этяпмиз. Имкони бўлган жойларда тротуарлар қиляпмиз, йўллар устидаги симлардан иборат «ўргимчак уялари»ни олиб ташлаш, симёғочларни бир қаторга тўғрилаш, кабелларни ер остига яшириш орқали тартиб ўрнатяпмиз.

Шерзод Кудбиев
Мирзо Улуғбек туман ҳокими.

  • 1981. Фарғона вилоятида туғилган.
  • 2002—2007. Фарғона политехника институтида ассистент, катта ўқитувчи.
  • 2007—2010. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги тузилмаларида мутахассис, бошқарма бошлиғи ўринбосари.
  • 2010—2012. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тузилмаларида мутахассис.
  • 2012—2015. Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий маркази директори.
  • 2015—2016. Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири ўринбосари.
  • 2016йил 19сентябрьданМирзо Улуғбек туман ҳокими.

Иқтисод фанлари номзоди.

Ҳокимлик

Хўжалик ишчисими ёки сиёсатчи? Ҳоким сифатидаги фаолиятимнинг ушбу босқичида, мен кўпроқ — эҳтимол 99 фоиз — хўжалик ишчисиман. Ўз ишимнинг сифатини қуйидагича баҳолашим мумкин: хўжалик ишлари билан қанчалик кам шуғуллансам, демак туманни шунчалик муваффақиятлироқ  бошқараётган бўламан. Агар кундалик икир-чикирлар билан ипидан-игнасигача ўзим шуғуллансам, демак биз «қўл бошқаруви»дан узоқ кетмаган бўламиз. Менга ушбу лавозимни ишониб топширишган экан, мен унга бутун кучимни беришим, ҳеч нарсани аямаслигим керак. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Ишончни оқлаш керак.

Ваколатлар етарлими? Туман ҳокимликлари ҳақиқатда қандай ҳуқуқ ва ваколатларга эга? Биринчидан, Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунга мувофиқ, ҳоким туманнинг олий мансабдори ҳисобланади. Иккинчидан, ҳоким — Президентнинг тумандаги вакили. Туман ҳудудида қандай объектлар — бу вазирлик ёки давлат аҳамиятидаги объектлар бўладими, ижтимоий объектлар, инфратузилма объектлари, коммунал хизматлар ва бошқалар бўладими — жойлашганидан қатъи назар, барчаси учун ҳоким шахсан жавобгар бўлади.

Ўз лавозимим ва ўз ишимга айнан шундай ёндашаман, яъни Президент вакили сифатида барча ваколатларга эгаман. Табиийки, медалнинг иккинчи томони ҳам бор — бу ерда содир бўлаётган барча ҳодисалар учун жавобгарман. Менинг даражамда ҳал бўладиган масалалар бор, Тошкент шаҳар ҳокими даражасида ҳал бўладиган масалалар бор, Ҳукумат даражасида ҳал бўладиган масалалар бор. Барча муаммоларни бартараф эта оламиз деб ўйлайман.

Жамоа. Ишни ташкил этиш асоси. Доимо ташкиллаштиришга ва ўз атрофимга кучли ижрочи ва ташкилотчи одамларни йиғишга интиламан. Биз ўз жамоамизни тўлиқ шакллантириб бўлдик, дея олмайман, ҳали етишмовчиликлар жуда кўп, бироқ жамоа — бор. Бу йўналишда бизда ҳокимликда ҳам, бизга қарашли муассасаларда ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз ўз вақтида, ушбу туманга раҳбарлиги чоғида ўрнатган тизим ролини алоҳида таъкидлаш керак. Жамоа тўғрисида гапирганда, ўз ҳамкасбларим: туман прокурори, туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва туман солиқ инспекцияси бошлиғига алоҳида раҳмат айтишим керак. Нима учунлигини тушунтираман. Туман методологик жиҳатдан тўртта секторга ажралади, ҳар битта сектор эса мен тилга олган раҳбарлар ва менинг шахсий масъулиятим зонаси. Уларга ҳоким функциясининг бир қисми ўтказилган, у асосан коммунал соҳа билан боғлиқ. Бу куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида айниқса сезилади. Бутун туман учун ҳоким жавобгар эканлиги тушунарли. Аммо таҳлил чоғида секторлардан ҳам коммунал соҳа, фойдаланиш харажатлари учун йиғимлар, тозалик, ҳудудларни тозалаш, ахлат чиқариб кетиш, томдан сув оқиши, ертўлалардаги сув учун жавобгарлик талаб қилинади.

Ижроия ҳокимиятидаги аёллар. Гендер тенглиги масалаларига биз катта эътибор қаратамиз. Ҳоким бўлатуриб аёллар масалаларига диққат қаратмаслик мумкин эмас. Чунки оналик, оила, маҳаллалар билан ҳамкорлик масалалари каби улкан вазифалар турибди. Ҳокимлик жамоасида, албатта аёллар бор. Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари. Умумий бўлим бошлиғи. Ҳуқуқшунос. Ҳокимликда фуқароларни қабул қилишни ташкиллаштиришни биз аёл кишининг нозик елкасига юклаганмиз. Юзма-юз мулоқот талаб этиладиган жойда биз уларга кучли эҳтиёж сезамиз. Ўринбосарнинг жавобгарлик соҳасига ажралишлар, оилаларни сақлаб қолиш, аёллар фикри билан танишиш мавзулари ҳам киради.

Нима учун аёл ҳокимлар йўқ, деб сўраяпсизми? Афтидан, биздаги дунёқараш барибир максимал иш унумини талаб қилади, иккинчидан — нормаланмаган иш режими. Бу одатда аёллар эҳтиёт қилинадиган қийин ва оғир иш.

Лавозимдаги илк ойларда олинган баъзи сабоқлар. Бу лавозимда етти ойдан буён ишламоқдаман. Мана баъзи сабоқлар:

  • барчасини дастлаб ўз кўзларингиз билан кўришингиз керак. Қандайдир топшириқ беришдан олдин ўша жойга бориб келиш керак;
  • топширилган вазифанинг бажарилишини албатта назорат қилиш керак;
  • бирдам жамоасиз яхши натижаларга эришиб бўлмайди.

Мен ўз ишимда энг хуш кўрмайдиган нарса нима? Олдиндан режалаштирилмаган йиғилишлар кишини бир маромдан чиқариб юборади. Ҳар куни кечқурун, кунни якунлар эканман, эртанги кун учун режа тузиб қўяман, аммо кўпинча режалар шошилинч мажлислар туфайли бузилади.

Мирзо Улуғбек тумани

  • Ҳудуди — 3515 гектар.
  • Аҳоли сони — 262 098 киши.
  • Маҳаллалар сони — 54.
  • Кўп қаватли уй-жойлар сони — 1429.
  • Хонадонлар сони — 62 276.
  • Якка тартибдаги уй-жойлар сони — 13 782.

Мамлакат олий раҳбариятининг катта қисми истиқомат қилувчи туманни бошқаришнинг ўзига хос жиҳатлари. Бу савол қизиқарли. Улкан масъулият. Мамлакат раҳбарияти, ҳукумат томонидан қўйилаётган вазифалар бажарилишини улар бевосита ўз хонадони деразаси орқали ёки автомобили ойнаси орқали кўриб туради. Табиийки, раҳбарлар ҳар куни биз ҳам ободончилик, ҳам коммунал хўжалик, ҳам тиббий таъминот, ижтимоий соҳаларда, болалар боғчалари ва мактабларда амалга ошираётган ишнинг сифати ва натижаларини кўради.

Вазирлар Маҳкамасининг комплекс ривожлантириш бўйича қарори. У бевосита бизнинг ҳокимлигимиз ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги иштирокида, барча манфаатдор вазирликлар ва муассасалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бюджетнинг қарийб 40 фоизи янги қурилишга ажратилгани ҳисобига, ҳатто кўплаб вилоятларни комплекс ривожлантириш дастурлари ҳам бунчалик катта кўламли эмас.

Ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида биз шундай натижага эришишимиз керакки, ҳеч бир мактабда ва ҳеч бир болалар боғчасида томдан сув ўтмасин ва ертўладаги қувурдан сув оқмасин. Мақсад: коммунал соҳадаги барча муаммоларни яқин икки, энг кўпи билан уч йилда бартараф этиш: томлар, ертўлалар, иссиқлик таъминоти, подъездлар, лифт ускуналари, бўғотлар ва тротуарлар. Ва тўлиқ маҳаллий бюджет ҳисобидан таъмирланадиган даҳалар ичидаги йўллар масалаларини ҳал этиш. Биз шундай ҳисоблаб чиқишимиз керакки, маблағ ҳаммасига етсин.

Саноат ишлаб чиқариш соҳасида дастур саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг Тошкент бўйича ўртачадан кўра юқорироққа ўсишини таъминлаш имконини беради. Қарор асосидаги энг асосий ва муҳим ғоя — саноат ишлаб чиқариш ҳар йили камида 11,0 фоизга, халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш 10,0 фоизга, асосий капиталга киритиладиган инвестициялар 7,0 фоизга, қурилиш 12,0 фоизга, чакана савдо 10,5 фоизга, хизматлар 10,0 фоизга ўсишига эришиш.

Биз катта мақсад қўймоқдамиз, бу уч йилдан сўнг «Буюк Ипак йўли» метро бекатидан Паркент бозоригача борадиган суперэлита, суперзамонавий Муҳаммад Юсуф кўчасини қуриш. Бу қурилиш соҳасидаги максимум-вазифа. Бунга туманнинг кучи етади деб ўйлайман: ҳозир ушбу лойиҳа билан шуғулланадиган муайян инвесторлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз.

Соғлиқни сақлаш. Соғлиқни сақлаш масалалари, айниқса Президент раислиги остида ўтказилган иккита видео-селектор йиғилишларидан кейин, барча туманларга, шу жумладан, Мирзо Улуғбек туманига ҳам тегишли. Бу соҳада туман мақтана оладиган нарсалар йўқ. Маълум ишлар бошланган. Биринчиси: дори воситалари билан таъминлаш. Тошкент ҳокими қарори туфайли, бепул дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми кескин равишда, қарийб икки карра оширилди. Ҳозир ишонч билан айта оламанки, агар бюджет касалхонасига жойлашсангиз, давлат сизни ҳамма нарса билан таъминлайди, ҳеч нарса: на бинт, на укол ва дориларни олиб келишингиз керак бўлади.

Дорихоналар тармоғи — истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли органини ва Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментини жалб этган ҳолда ҳар куни мониторинг олиб бормоқдамиз. Маълум бир ютуқлар бор. Баъзилардан лицензияларни олиб қўйишга тўғри келмоқда.

Касалликлар олдини олиш бўйича ишлар олиб бормоқдамиз. Нафақат даволаш, балки патронаж ҳам. Туманда анкета сўровини ўтказиш амалиёти жорий қилинган. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмоқдамиз.

Халқ билан мулоқот йили

Жамоатчилик фикри қандай ўрганилмоқда? Президент 2017 йилни Халқ билан мулоқот йили деб эълон қилиб, қанчалик ҳақ бўлганига амалда ишонч ҳосил қилдим. Халқ билан суҳбатлашиш керак, улар ўз муаммоларини баён қилиши, бизнинг нимада ноҳақ эканлигимизни, нима учун у ёки бу ишни қилишимиз кераклигини тушунтириши керак. Агар кимдир сизни қадрламаса, тушунмаса, бу ҳафсала пир бўлиши керак, дегани эмас. Яна қайтиб бориш ва тушунтириш, уқдириш керак. Шунда одамлар сизни қўллаб-қувватлайди. Одамлар қўллаб-қувватласагина, натижа бўлади.

Шахсий қабуллар. Душанбадан ташқари ҳар куни — ҳафтасига икки кун шахсан ўзим 10—12 кишидан қабул қиламан, уч нафар ўринбосарим ҳам шундай қабулларни уюштиради — шунда кунига 50—80 киши қабул қилинади. Шуниси қизиқки, мурожаатларнинг ярми жойида ҳал этилади.

Йиғилишлар. Камида ҳафтада бир марта 400—500 кишини йиғиб, долзарб масалаларни муҳокама қилишга интиламан. Булар уй-жой, коммунал, ижтимоий таъминот масалалари билан келган одамлар, тадбиркорлар бўлиши мумкин. Биз одамларни келишга мажбур қилмаймиз, аммо залда одатда тангадай ҳам бўш жой бўлмайди. Чунки муаммоларни ҳал этамиз.

Facebook. Facebook’да ҳокимлик саҳифасини очдик ва аҳоли ҳокимликка мурожаат қилиш учун қўшимча каналга эга бўлди. Facebook орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолмаяпти. Биз уларни расмий аризага тенглаштирганмиз. Махсус шакл тайёрлаганмиз, ҳар битта мурожаатни рўйхатга оламиз ва назорат қиламиз.

Веб-сайт. Мулоқот йили доирасида биз Мирзо Улуғбек туманининг янгиланган сайтини ишлаб чиқиб, ишга туширмоқдамиз. Янгилик киритмоқчимиз. Қанақа янгилик? Биринчидан, биз онлайн фаолият юритмоқчимиз. Фуқароларнинг барча қабулларини онлайн режимида трансляция қилиб, сўнг ёзувларни сайтга жойламоқчимиз. Саволлар ва мурожаатларнинг тахминан 70 фоизи такрорланади, ва фуқаролар жавобларни бевосита олиши мумкин. Иккинчидан, ҳокимнинг уй-жой масалалари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, кредит бериш, йўллар, соғлиқни сақлаш, мактаблар ва болалар боғчалари, савдо каби аҳолини қизиқтирадиган масалалар бўйича видео-жавоблари, вебинарлар сериясини ёзиб олмоқчимиз. Ҳеч бўлмаса, 15—20 дақиқалик, аввалдан тайёрлаб қўйилган нутқлар — маърузалар. Токи одамлар ўзларини қизиқтирган мавзу бўйича видеоларни томоша қилиши ёки юклаб олиши мумкин бўлсин.

Туман аҳолиси қандай ёрдам бера олади? Муваффақиятимизнинг асосий гарови — аҳолининг кўмаги. Яқин ва унумли ҳамкорлик қилувчи маҳаллалар бор, яна шундай ҳудудлар борки, улар билан ҳамкорлик қийин кечади. Шунга қарамай, аксарият бизни қўллаб-қувватлайди. Мен буни қаердан биламан? Битта мисол. Биз туманда кам таъминланганлар учун умумий навбатни бекор қилган ягона ҳокимликмиз. Нима учун? У ерда афғон уруши қатнашчилари, ёлғиз оналар каби 14 та алоҳида гуруҳ бўйича навбат олиб борилар эди. «Навбатда ким биринчи?» — деб сўраганимда, бир йўла 14 киши навбатда биринчи бўлиб тургани аён бўлди. Бу ерда коррупция борлиги тушунарли, ва биз буни бекор қилиб, ишлаб чиқилган муҳтожлик коэффициенти бўйича навбат жорий этдик. Тўққиз кишилик комиссия кўриб чиқади, мезонлар, баллар изчиллиги бор — барчаси шаффоф ва аниқ-равшан. Туманда бугунги кунда 12 киши коммунал жамғармадан бепул уй-жой билан таъминланиш ҳуқуқи эга эканлиги аниқланди.

Президентнинг Сирғали туманида арзон уй-жойлар қуриш ҳақидаги қарори биз учун катта кўмак. Президентнинг Тошкент ҳокимлиги қошида фақат ипотека лойиҳаларини молиялаштириш учун алоҳида «Пойтахт банк» ипотека банкини очиш ҳақидаги қарори ҳам ўз вақтида чиқди. Бунга немис модели асос қилиб олинган: хонадон нархининг 50 фоизини тўплайсиз ва шундан сўнг сизга хонадон берилади. Қолган сумма беш йил давомида тўланади.

Биз аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифати учун тенг равишда жавобгар эканлигимизни албатта етказишимиз керак, яъни туман маъмурияти ишларни ташкиллаштириш нуқтаи назаридан, аҳоли эса ўз уйини тутиш учун жавобгар. Аҳоли қанчалик масъулиятни, шу жумладан, ўз уйлари ва ҳовлиларини сифатли ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари учун қандай молиявий юкламани ўз зиммасига олишга тайёрлиги ҳақида сўров ташкил қилмоқчимиз. Тижорат банклари томонидан Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига таъмир ишларини амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилган.

Бизнинг энг катта фалокатимиз — лоқайдлик. Шу йўналишда бироз ишлашимиз керак.

Кўчалар, уйлар, боғлар ва каналлар

Туман ўсади ва кенгаяди. Тошкентни ривожлантириш бўйича тасдиқланган бош режага кўра, туман Қибрай туманининг бир қисми ҳисобига кенгаяди. Мирзо Улуғбек тумани яқин йиллар ичида 730 гектарга ўсади.

ТТЗгача метро. Режа бор, метрополитен қурилиши схемаси тасдиқланган. «Буюк Ипак йўли» бекатидан кейин учта бекат қурилади, охиргиси ТТЗда бўлади. Олти километрли йўл кунига 200 минг йўловчига хизмат кўрсатади.

Эски ва аварияли уйлар муаммоси. Эскирган уй-жойларни бузиш бўйича тасдиқланган режа бор, бу у ерда истиқомат қилувчи шахсларга компенсация сифатида тенг қийматли мол-мулк бериш масаласи ечими билан параллель тарзда бормоқда. Ўзига хос биноларни асраб қолишга ҳаракат қиламиз. Бу ердаги мураккабликлар шундаки, баъзан бир уйда де-факто (амалда) 3—5 киши истиқомат қилади, де-юре (расман) эса 3—5 та оила рўйхатда туради. Инвесторларимиз кейин харажатларни қоплай олмайди ва иш тўхтаб қолади. Ҳали кўп ишлаш керак.

2017—2019 йилларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш дастури доирасида жами майдони қарийб 400 минг квадрат метрга тенг 60 дан ортиқ кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш кўзда тутилган.

Меъморчилик трансформациялари одамнинг қулайликда яшашига қаратилган бўлиши керак. Бу фикрингизга қўшиламан, шаҳар, туман аҳоли учун қулай бўлиши керак. Туманда сершовқин аттракционлардан холи ва ортиқча инфратузилмасиз бўлган боғлар, яшил ҳудудлар яратилмоқда, у ерда фақат майсазор ва ўриндиқлар бўлади. Туманнинг 12 та нуқтасида аллақачон жойлар ажратилган: «Ўзбекистон» ва Le Grande Plaza меҳмонхоналари оралиғида, Темур Малик кўчасида 6000 квадрат метрлик катта боғ бўлади, Ҳумоюн ва Аҳмад Югнакий массивларида кичик хиёбонлар бўлади. Ҳар куни инвесторларни қидиряпмиз. Янги боғларда соғломлаштириш зоналари бўлишига ва уларнинг кўпчилигида қизил ғиштдан «саломатлик йўлаклари»ни ташкиллаштиришга ҳаракат қилишга ваъда бераман.

Туманда ҳовлиларга 4500 дан ортиқ ўриндиқлар ўрнатилди, уларнинг бир қисми Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳисобидан ташкил қилинди. Аммо бу етарли эмас. Ҳали давом эттирамиз.

Туманда намунавий маҳалла лойиҳаси асосида замонавий маҳалла гузарларини барпо этишининг аниқ режаси ишлаб чиқилган. Жумладан, 54 та маҳаллалардан 36 тасининг аниқ маблағлари, уларнинг манбаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Туманнинг муҳандислик-коммуникациявий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг етакчи механизми бўлган туманнинг меъморий қиёфасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида 771 миллиард сўмлик 337 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳозирда реконструкция қилинаётган кўчалар тротуарлар нуқтаи назаридан жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳаракатланиши учун мослаштирилмоқда. Бу автобус бекатлари ва метро бекатлари учун ҳам ўринли. Тан олиш керакки, бу йўналишдаги ишларни кучайтириш зарур.

Биз Салор дарёсини туман аҳолиси учун дам олиш жойига айлантириш бўйича тадрижий ишларни бошлаб юбордик.

Хайрлашув олдидан учта савол

— Тасаввур қилинг, ҳозир сизни Мирзо Улуғбек туманининг барча аҳолиси ўқимоқда. Уларга нима деган бўлардингиз?

— Улардан менга ишонишни сўраган бўлардим. Туманни ривожлантириш учун кучимни ҳам соғлиғимни ҳам аямайман. Қулай яшаш учун бирдам бўлишимиз керак. Сизнинг ёрдамингиз, розилигингиз ва кўмагингизсиз бунга эришиб деярли мумкин эмас. Агар одамлар давлат ҳокимиятининг ҳаракатларини қўллаб-қувватламаса, ҳеч бир маъмурият ҳеч нарса қила олмайди. Бу Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидаги тартибга нисбатан ҳам, тротуарга машинани қўймаслик, кўчага ахлат ташламаслик каби оддий ахлоқ қоидаларига риоя этиш бўйича ҳам ўринли. Болаларга эса яхшироқ ўқиш керак, демоқчиман. Сизнинг билимингиз ўзингизга ҳам, бутун мамлакатга ҳам керак бўлади.

— Туманда сизни қандай эслаб қолишларини истардингиз?

— Мени Мирзо Улуғбек туманини бошқарган даврда туманда яшашни қулайроқ қилган киши сифатида эслаб қолишларини хоҳлардим. Бу тушунча кенг, у биз комплекс сифатида тилга олган нарсаларнинг барчасини қамраб олади, булар — ҳам боғлар, ҳам коммунал соҳа, ҳам савдони тартибга солиш, ҳам гаражлар.

Мен шу ерда, худди бошқаларникига ўхшаш уч хонали хонадонда истиқомат қиламан. Бошқаларда бўлгани каби, менда ҳам Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати билан боғлиқ муаммолар бор. Ва тизим ишлаб кетишини, мен ва барча аҳоли бу ерда қулайликда яшашини истайман.

— Сизда битта номоддий мўъжизани амалга ошириш имконияти бўлганида, бу нима бўларди?

— Мен сайёрадаги аҳолининг барчасида: катталар ва болаларда ҳам, эркаклар ва аёлларда ҳам мукаммал кўриш қобилияти бўлишини таъминлаган бўлардим.

Бахтиёр Насимов,
шарҳловчи.

↓ KEYINGI XABAR ↓
Scroll to top