АҚШнинг Суриядаги авиабазага ракета зарбаси «президент Башар Асад тузуми томонидан кимёвий қурол қўлланганига тезкор ва адолатли жавоб бўлди». Бу ҳақда Австралия бош вазири Малколм Тернбулл маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Австралия ҳукумати Қўшма Штатларнинг ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Улардан кўзда тутилган мақсад Суриядаги тузумнинг яна кимёвий қуролдан фойдаланиш имкониятини чеклашга қаратилган. Ракета зарбалари президент Асад тузумига қарши урушнинг бошланиши эмас. Бироқ сўнгги кунларда юз берган ҳодисалар Башар Асаднинг Суриядаги вазиятни изга солиш бўйича келгуси ҳаракатлардаги иштирокини шубҳа остига қўяди», — дея таъкидлади Малколм Тернбулл.
Мамлакат мудофаа вазири Марис Пейн Пентагон раҳбари Жеймс Меттис телефон орқали мулоқот давомида бўлажак ракета зарбалари ҳақида уни хабардор қилганини билдирди. Шунингдек, Австралия мазкур операцияда иштирок этмаганини маълум қилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)