Бухоро вилоятида ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Аму-Бухоро ирригация тармоқлари лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 25 августдаги қарорига мувофиқ «Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунгача Қуйи мозор, Қоракўл ва Олот насос станциялари реконструкция қилинди.
Умумий қиймати 406 миллион доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа доирасида Аму-Бухоро-I янги насос станцияси қурилади, Аму-Бухоро-II, Қуйи Мозор, Қизилтепа ва Қизилтепа-I насос станциялари реконструкция қилинади.
Бунинг самарасида Бухоро вилоятида 275 минг, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер сув билан барқарор таъминланади. Йилига 134,2 миллион киловатт электр энергияси, 25,6 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи тежалади.
Президентимиз бу ирригация тизими Бухоро учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ажратилган маблағ ва техникалардан оқилона фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ернинг ўзида жорий йилда Бухоро вилоятида ташкил қилинадиган интенсив мевазор ва узумзорлар режаси ҳам намойиш этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)