22 февраль куни Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов Енгил атлетика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясини ўтказди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Унда федерациянинг 2013—2016 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан раҳбарият ҳисоботи тингланди ва енгил атлетика спорт тури Ўзбекистонда ривожланиб, янги иқтидорлар сафи кенгайгани айтилди.
Рио—2016 Олимпиадасига энг кўп йўлланмани айнан енгил атлетикачилар қўлга киритди. Гарчи уларнинг ҳеч бири совриндорлар қаторига кира олмаган бўлса-да, ўзбекистонлик спортчилар Олимпиадага қадар бўлган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этганди.
Шундан келиб чиқиб, ташкилот раиси Ғуломжон Ибрагимов ўз лавозимига қайта сайланди. Унинг бошқарувида Енгил атлетика федерацияси Токио—2020 Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиш миссиясини бошлайди. Қайд этиш керак, Ғуломжон Ибрагимов бир вақтнинг ўзида мамлакат бош вазирининг ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Ибрагимовга бу борада «Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг компанияси бошқарув раисининг ўринбосари Олимжон Рустамов биринчи ўринбосар сифатида ёрдам беради.
Конференция, шунингдек, Абдулло Сагдиев, Беҳзод Миртемиров, Бахтиёр Икрамжановларнинг раис ўринбосари, Камолиддин Рўзимуҳамедовнинг эса ташкилот бош котиби бўлишига ойдинлик киритиб берди.
Маълумот учун, айни вақтда Тошкентдаги «Пахтакор» стадионига ёндош ҳудудда енгил атлетика учун махсус спорт мажмуаси ҳамда федерациянинг янги биноси қад ростламоқда. Режага кўра мазкур мажмуа шу йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширилади.
Изоҳ (0)