Ўзбек миллий академик драма театрида 1 февраль куни бино 3-қаватида жойлашган «Ўзбек миллий академик драма театри музейи»нинг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда «Qalampir.uz» хабар бермоқда.
Маросимни Ўзбек миллий академик драма театри директори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Масъудов очиб берди. Тадбирда Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов иштирок этиб, сўзга чиқди ва Ўзбек миллий академик драма театрининг ўзбек театр санъатида тутган ўрни, унинг бугунги мавқеи, спектаклларнинг томошабинларга бераётган маънавий озуқаси ҳақида гапирди.
Театр биносининг учинчи қаватида ташкил этилган музей аслида бундан бир неча йил илгари иш бошлаган эди. Музей янги экспонатлар, театр тарихига оид янги буюмлар, спектаклларда таниқли санъаткор кийган либослар билан бойитилди.
Музейда Ўзбекистон халқ артистлари Марям Ёқубова, Сора Эшонтўраеванинг уруш йилларида саҳналаштирилган спектаклларда кийган либослари ҳам ўрин олган.
Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Риҳси Иброҳимованинг «Мирзо Улуғбек», Муқаддас Холиқованинг «Нодирабегим», Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳриддин Раҳматовнинг «Жалолиддин Мангуберди», Саида Раметованинг «Соҳибқирон», Раъно Ярашеванинг «Увайсий» спектаклларидаги яратган образларига оид либослар, деталлар ҳам музейга жойлаштирилган.
Музей деворларига Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида намойиш этилган спектаклларнинг суратлари илиб чиқилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)