Индонезия полицияси махсус бўлинмаси Жакарта шарқидаги Бекаси манзилида мамлакат президенти саройида портлаш уюштиришга тайёргарлик кўрган уч нафар террорчини қўлга олди. Бу ҳақда пойтахт полицияси расмий вакили Раден Прабово Арго Ювоно маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
«Улар 11 декабрь, якшанба куни саройда президент қўриқчиларининг қоровул алмашиш маросими чоғида бомба портлатмоқчи бўлган. Бомбага уч килограмм кучли TATP портловчи қурилмаси жойлаштирилганди. Агар у ҳаракатга келтирилганида, 300 метр радиусдаги барча нарсани вайрон қилган бўларди», — таъкидлади Ювоно.
Миллий полиция расмий вакили Ави Сетиёнога кўра, қўлга олинган уч киши ИШИД билан боғлиқ Баҳрун Наимнинг тузилмасига кирган.
Маълумот учун, Индонезия президенти қароргоҳи қоровул алмашиш маросимини кўришни истаганлар учун ҳар ойнинг иккинчи якшанбасида очиқ бўлади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)