Ўзбекистонлик футболчилар Сардор Рашидов ва Азиз Ҳайдаров ҳаракат қиладиган клублар ўз мамлакати ички чемпионатида 4-турни ўтказди.
Азиз Ҳайдаровнинг «Аш-Шабоб» клуби БАА чемпионатининг дастлабки уч турида 9 очкони қўлга киритганди. 21 октябрь куни 4-турни «Эмирейтес»га қарши ўтказган «Шабоб» 1:0 ҳисобида зафар қучди. 4-турдан кейин юз фоизлик натижа қайд этиб турган жамоа Амирлик лигасида пешқадам бўлиб турибди.
Азиз Ҳайдаров мавсум бошидан буён ўтказилган ҳар тўртала ўйинда ҳам 90 дақиқадан ҳаракат қилди. Қайд этиш керак, Ҳайдаров ташрифидан сўнг «Аш-Шабоб»га Амирлик чемпионлигини нишонлаш насиб қилмаган.
Сардор Рашидовнинг «Ал-Жаиш» клуби ҳам Қатар Юлдузлар Лигасининг дастлабки уч туридан сўнг юз фоизлик натижа қайд этиб турганди. 4-турни «Ар-Райян» майдонида ўтказган клуб 2 очко йўқотди — 1:1.
Рашидов 55-дақиқага қадар майдонда тўп сурди ва кейинчалик ўрнини жамоадошига бўшатиб берди. Унинг клубидан Сейду Кейта гол урган бўлса, мезбонлардан Серхио Гарсия муваффақият қозонди.
4-турдан кейин «Ас-Садд» 10 очко билан Қатар чемпионатида пешқадам. Шунча очкоси бор «Ал-Жаиш» эса тўплар нисбатига кўра иккинчи бўлиб турибди.
Изоҳ (0)