Иззатилла Тошкенбоев Италиядаги XIII Читта ди Пезаро халқаро мусиқа танловидаги «Миллий куйлар» тоифасида, «Мусиқа учун Ди Фердинандо» ва Витторио Ливи номидаги халқаро танловларнинг бош мукофотларини қўлга киритди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
У Жоаккино Россини номидаги Халқаро мусиқа фестивалида ўзбек миллий мусиқа асбоби — чангда «Севильялик сартарош» операсидаги мусиқали муқаддимани ҳамда ўзбек ва жаҳон мумтоз санъати асарларини юксак маҳорат билан ижро этгани боис улкан муваффақият ва эътирофга сазовор бўлди. У Ўзбекистондан биринчи бўлиб «Келажак мусиқачиси» тоифасида мусиқа оламидаги энг юксак мукофотлардан бири — «Чинни қалб» совринини қўлга киритди.
Кенг миқёсда эътироф қозониш И. Тошкенбоевга Ватиканнинг машҳур Авлиё Пётр майдонида Италиянинг RAI телерадиокомпанияси томонидан ташкил қилинган Халқлар ўртасида санъат ва мусиқа воситасидаги дўстлик фестивалида бутун жаҳоннинг юз минглаб томошабинлари қаршисида ўз маҳоратини намойиш этиш имконини берди. Ёш созанда чанг асбобида мусиқани зўр маҳорат билан ижро этгани боис Рим Папаси Франциск ўз таассуротини изҳор этган ҳолда у билан шахсан танишди. Понтифик Ўзбекистон вакили тақдим этган дўппини эсдалик совғаси сифатида олди.
Изоҳ (0)