Microsoft 2015 йил ичида Европадаги «булутли» серверлари қувватини икки марта оширди, минтақада булутли технологияларни ривожлантириш учун киритилган жами инвестициялар ҳажми эса 3 миллиард долларни ташкил этди, дея хабар бермоқда «Интерфакс» компания раҳбари Сатья Наделлага таяниб.
2017 йилда компания Францияда қатор дата-марказларни очмоқчи, у ердан европалик мижозларга Office 365 ва Microsoft Azure каби маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятини яратади. «Қўшимча дата-марказлар Буюк Британия, Нидерландия, Ирландия, Австрия ва Финляндияда қурилади», — деди Наделла, у айни пайтда Европада бўлиб, компаниянинг Европадаги асосий ваколатхоналарига ташриф буюрмоқчи.
Microsoft булутли хизматларни фаол равишда ривожлантирмоқда ҳамда Европа ва жаҳон бозорида уч марта кўпроқ улушга эга Amazon’га рақобатчилик қилмоқчи.