Chevrolet компанияси Colorado пикапининг водородда ишлайдиган версияси прототипини тақдим этди. Модификация ZH2 номини олди, деб хабар беради Motor.
Компания машинани АҚШ армияси муҳандислик маркази — TARDEC билан ҳамкорликда ишлаб чиқди. Ушбу марказ армия учун ер усти техникасини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Прототип серияли Colorado’нинг модификация қилинган ва кучайтирилган платформаси асосига қурилган. Концепт-кар 37 дюймли йўлтанламас шиналари билан таъминланди.
Colorado ZH2 нинг куч қурилмаси ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади. Фақатгина пикап водород ва кислород орасидаги кимёвий реакция натижасида энергия ишлаб чиқарувчи электр двигатель билан жиҳозлангани маълум. Бундай агрегат иши натижасида сув ажралиб чиқади, ҳарбийлар бу сувдан кейинчалик ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, машина EPTO тизими билан таъминланган. Унинг ёрдамида Chevrolet Colorado ZH2 агрегатидан электр приборларни қувватлантиришда фойдаланиш мумкин.
АҚШ қуролли кучлари вакилларининг таъкидлашича, водородли автомобиль шовқинсизлиги ва кўп масофа боса олиши боис танланган.
Компания Colorado ZH2 синовларини 2017 йил бошида якунлайди. Шундан сўнг автомобиль синовлар учун ҳарбийларга топширилади, улар ҳам бир йил давомида автомобилни текширади.
Мазкур пикап ҳақида илк хабарлар шу йилнинг ёз ойларида берилган эди. Ушбу лойиҳа ёрдамида Chevrolet ўз модель қаторида водородли машиналар пайдо бўлишини тезлаштирмоқчи.
Изоҳ (0)