Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Россия ва Коста-Рика термалари иштирокидаги ўйинда ишлаши ҳақида хабар берилганди. Шундан кейин «Спорт-Экспресс» нашри журналисти Виталий Айрапетов Эрматов билан қисқа интервью уюштирди.
«Бу ўйинни бошқариш мен учун ёқимли. Краснодардаги янги стадион ва ундаги гўзаллик… — деб гап бошлади Эрматов. — Мен олдин Россия — Озарбайжон ўйинида ишлагандим. Коста-Рика билан ҳам танишман. Ёдингизда бўлса, Жаҳон Чемпионатида уларнинг Голландияга қарши ўйинини бошқарганман. Ўшанда Коста-Рика голландларга етарлича муаммо туғдира олганди. Россия термаси рақиб сифатида Коста-Рикани танлаб, тўғри қилган деб ўйлайман».
Янги ташкил этилган Россия терма жамоаси ҳақида Равшан Эрматов ҳеч нарса айта олмаслиги, айни пайтда унинг бор эътибори Саудия Арабистони — Австралия ўйинига қаратилганини маълум қилган. Шу билан биргаликда, Россия футболни етарли даражада кузатиб бориши ҳақида айтган.
Эрматов, шунингдек, Россия термаси сафидаги энг қўпол футболчи ким деган саволга жавоб беришни истамаган. Рус журналистининг ҳакам мезбонларга ён босиши мумкинми қабилидаги саволига ўзбекистонлик рефери қуйидагича жавоб қайтарди:
«Мен Россияни яхши кўрсамда, майдонда профессионалман. Бир вақтлар Ўзбекистон — Эрон ўйинини бошқариб, Одил Аҳмедовни қизил карточка билан майдондан ҳайдаганман. Шундан келиб чиқиб, Россияга ён босмаслигим аниқ. Ҳаммаси холисона бўлади».
Изоҳ (0)