Ҳиндистон жанубидаги Жаякондам шаҳри яқинида цемент ташувчи ва кичик юк машиналарининг тўқнашиб кетиши оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди, яна 14 киши оғир жароҳат олди. Бу ҳақда мамлакатнинг Тамилнад штати полицияси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Хабар беришларича, 26 сентябрга ўтар кечаси тўлиқ юк ортилган цемент ташувчи машина катта тезликда кичикроқ юк машинасига келиб урилган.
Юк машинасида Тенкачиперумал қишлоғи аҳолиси Арялур округидаги дафн маросимида иштирок этиб қайтаётган эди.
Авария юк машинаси йўловчиларининг уйидан бор-йўғи 500 метр масофада содир бўлган.
Тўрт киши воқеа жойида, яна етти нафари шифохона йўлида ҳалок бўлди. 14 нафар жабрланувчидан беш нафари оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Дастлабки тахминга кўра, авария бошқарувни қўлдан чиқарган цемент ташувчи машина ҳайдовчисининг айби билан юз берган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)