Зимбабве президенти Роберт Мугабе Хавфсизлик Кенгашида қитъа давлатлари ваколатлари ва ҳуқуқларини кенгайтириш билан боғлиқ шошилинч ислоҳотлар ўтказилмаса, Африка мамлакатлари БМТдан чиқиши билан таҳдид қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Халқаро ташкилот Бош Ассамблеясидан қайтганидан сўнг Мугабе Африка мамлакатлари Хавфсизлик Кенгашида етакчилик қилаётган Ғарбга қарама-қарши ўлароқ, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар билан биргаликда ўз ташкилотларини тузиши мумкинлигини маълум қилди. Гап шундаки, қитъа давлатлари 2005 йилдан бери кенгашда доимий равишда икки аъзолик ўрни ажратилишини талаб қилмоқда.
«Бизни фақат Россия ва Хитой қўллаб-қувватламоқда, АҚШ эса қарши чиқади. Кенгашдаги Ғарб вакиллари Африка давлатлари фикрларини инобатга олмай, резолюцияларини беаёв таҳрир қилиб, томошага айлантирмоқда. Ҳар бир мамлакат БМТнинг тўлақонли аъзоси эканлигини тан олиш лозим. Ё ислоҳот ўтказилади, ёки бизсиз бўлишингизга тўғри келади. Шу билан ҳаммаси тугайди», — огоҳлантирди қитъанинг кекса етакчиларидан бири саналадиган 92 ёшли Зимбабве президенти.
Изоҳ (0)