Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) билан ҳамкорликни тўхтатган Франциянинг France Football журнали «Олтин тўп» мукофотини топшириш бўйича янги қоидаларни эълон қилди. Унга кўра, мавсумнинг энг яхши футболчисига энди фақатгина ОАВ вакиллари овоз беради, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Мукофотга номзодларнинг кенгайтирилган рўйхатидан аввалгидек 23 эмас, балки 30 нафар футболчи бўлади. Шунингдек, энг яхши учта номзодни аниқлаш босқичи бўлмайди. «Олтин тўп» ғолиби ва барча футболчиларнинг рейтинги йил сўнггида эълон қилинади.
France Football журнали 1956 йилдан бошлаб «Олтин тўп» мукофотини энг яхши футболчига топшириб келган эди. 1988 йилда эса ФИФА «Йил футболчиси» мукофотини жорий этди.
2010 йилда журнал таҳририяти ва ФИФА беш йиллик шартнома имзолаган эди. Унга кўра, ФИФА миллий терма жамоаларнинг мураббийлари, сардорлари ва ОАВ вакиллари овози орқали «Олтин тўп» мукофотини топшириб бориши кўзда тутилган эди.
«Олтин тўп» мукофотини ФИФА топширишни бошлаганидан буён унга фақатгина икки футболчи — «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси (2010, 2011, 2012, 2015) ҳамда «Реал» етакчиси Криштиану Роналду (2013, 2014) қўлга киритган.
Изоҳ (0)